Марказий Осиёда болалар ўлими бўйича етакчи давлат аниқланди
Минтақадаги аксарият давлатларда ўғил болалар ўлими қизларга нисбатан юқори бўлиб қолмоқда.

2024 йил якунларига кўра бир ёшгача бўлган болалар ўлими бўйича Туркманистон Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткични қайд этди. Дунё миқёсида эса ҳар минг тирик туғилган чақалоқдан ўртача 28,3 нафари бир ёшга етмай вафот этган.
Глобал кўрсаткичлар мамлакатлар ўртасидаги кескин тафовутни намоён этади: ривожланган давлатларда бу рақам минг болага 2 нафардан кам бўлса, иқтисодиёти қолоқ мамлакатларда 80 нафардан ҳам ортмоқда. Энг паст даража Словения ва Сингапурда қайд этилиб, бу давлатларда чақалоқлар ўлими минг туғилган чақалоққа 1,5 нафарни ташкил этган.
Афғонистон, Сомали ва Марказий Африка Республикаси эса энг юқори ўлим кўрсаткичларига эга бўлиб, бу тиббий хизмат сифати, санитария, она-бола саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигидаги жиддий муаммолардан далолат беради.
2024 йил маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатларидаги кўрсаткичлар қуйидагича:
- Қозоғистон — 8,0 (82-ўрин)
- Ўзбекистон — 18,2 (143-ўрин)
- Тожикистон — 21,7 (155-ўрин)
- Қирғизистон — 24,5 (167-ўрин)
- Туркманистон — 35,9 (197-ўрин)
Қозоғистон минтақада энг паст, Туркманистон эса энг юқори кўрсаткичга эга. Ўзбекистон Марказий Осиё ўртача кўрсаткичидан юқорироқ ўринда қайд этилган.
Минтақадаги аксарият давлатларда ўғил болалар ўлими қизларга нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Бу биологик омиллар (эрта туғилиш эҳтимоли юқорилиги, нафас олиш муаммолари, иммунитетнинг сустлиги) билан боғлиқ.
2024 йил кўрсаткичлари:
- Қозоғистон: ўғил 8,9 / қиз 7,0
- Ўзбекистон: ўғил 21,1 / қиз 15,1
- Тожикистон: ўғил 24,3 / қиз 18,9
- Қирғизистон: ўғил 28,6 / қиз 20,2
- Туркманистон: ўғил 43,6 / қиз 27,7
Гендер фарқлари баъзи давлатларда ижтимоий омиллар — тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти, оналарнинг саломатлиги ва озиқланиш даражаси билан ҳам боғлиқ.







