ОАВ эркинлиги демократиянинг устуни — Тимоти Смарт
Zamon.uz мухбири Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчисидан мамлакатдаги журналистлар ва сўз эркинлиги ҳақидаги фикрларига қизиқди.

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон сўз ва журналист эркинлиги борасидаги халқаро индексларда бир мунча пастлади. Халқаро ОАВ Ўзбекистонда журналист ва блогерларга турли хил босимлар бўлаётгани ҳақида ёзмоқда. Хўш Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси мамлакатдаги сўз ва журналист эркинлигини қандай баҳолайди. Zamon.uz мухбири Мажидов Шоҳжаҳон элчидан жавоб олди.
Тимоти Смартга кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги ҳар бир мамлакат ОАВ эркинлиги борасида ўзига хос муаммоларга дуч келмоқда. Бугунги глобал геосиёсий вазият шароитида оммавий ахборот воситаларига босимлар мавжуд.
Унинг айтишича, шундай вазиятда улар ҳамкорлар сифатида бир жойга тўпланиб, ўзаро қуйидаги саволларга жавоб излайди: мамлакатларида медиа эркинлигини қандай кафолатлашлари мумкин? Улар бир-биридан нималарни ўрганиши мумкин? Қандай қилиб бир-бирларини қўллаб-қувватлаш мумкин? ЙХҲТ имкониятларидан фойдаланиб, бу эркинликни қандай мустаҳкамлашлари мумкин?
“Ўзбекистондаги ислоҳотлар мени доим ҳайратга солади. Президент ислоҳотларига, аслини олганда, тўққиз йил бўлди ва бу ёш демократик жараёндир. Шундай экан, ҳа, мен ОАВ эркинлигини янада кенгайтиришга чақирган бўлардим. Бу – демократиянинг асосий устунидир ва умид қиламанки, бугун биз бу ҳақда гаплашиб, вазиятни яхшилаш учун қандай ҳамкорлик қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқиш имкониятига эга бўламиз”, — деди у.
Охирги уч йилда Буюк Британияга ўзбекистонлик ишчиларнинг бориши ҳам сезиларли даражада ошди. Zamon.uz мухбири элчидан икки мамлакат ўртасида мавсумий ишчилар сонини ошириш бўйича қандай келишувларга эришилаётганини сўради.
Элчи Тимоти Смартнинг айтишича, мавсумий ишчилар сони тижорий талаблар ошиши билан яна янги келишувлар имзоланади.
“Бу жараён тижорий талабга асосланган, яъни агар фермерлар, иш берувчилар кўпроқ ўзбекистонлик ишчиларга эҳтиёж сезсалар, улар кўпроқ ишчи келишини сўрашлари мумкин. Ишчилар сони ана шундай ўзгариб туради. Бу тижорий талабга боғлиқ”, — деди элчи.
Унга кўра, ҳозирда Буюк Британияда минглаб ўзбекистонликлар турли ферма, завод ва бошқа жойларда меҳнат қилмоқда. Британияга мавсумий ишчилар керак ва ўзбекистонлик мигрантлар яхши ишлашмоқда.
Элчи Британия уларга Халқаро Миграция Ташкилоти (IOM) ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда лойиҳалар орқали ёрдам бераётгани ҳақида сўз очди.
“Ҳозир келаётган ўзбекистонлик ишчилар жуда яхши ишлашмоқда. Биз IOM ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда уларнинг бу ерда топган маблағларини Ўзбекистонга қайтгач тўғри йўналтира олишларига кўмаклашмоқдамиз. Айниқса, аёлларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишига шароит яратиш устида ҳам лойиҳалар олиб борилмоқда. Буни биз жуда ижобий тажриба деб биламиз ва бундай имкониятлар кўпайишини хоҳлаймиз”, — деди элчи







