Ўзбекистон "Қиёмат куни омбори"га 20 дан ортиқ экин уруғини топширди
Бутунжаҳон уруғ омбори табиий офатлар, глобал можаролар, молиявий инқирозлар ёки технологик носозликлар каби глобал таҳдидлар остида ҳам ўсимлик турларининг йўқолиб кетиш хавфини минималлаштирадиган муҳим халқаро ташаббус ҳисобланади.

Ўзбекистон Норвегияга қарашли Шпицберген архипелагида жойлашган Бутунжаҳон уруғ омборига 20 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини топширди. "Қиёмат куни омбори" деб ҳам аталадиган ушбу объектга ўзбек деҳқончилигининг ноёб мероси бўлган уруғлик намуналари жўнатилган.
Уруғлар тўпламига тарвуз, қовун, помидор, қалампир, бақлажон, сабзи, пиёз ва бошқа 20 дан ортиқ маҳаллий навлар киритилган. Буғдойнинг "Қайроқтош" нави алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу Ўзбекистоннинг анъанавий қишлоқ хўжалиги меросини ифодалайди.
Шпицберген архипелагидаги Бутунжаҳон уруғ омбори табиий офатлар, глобал можаролар, молиявий инқирозлар ёки технологик носозликлар каби глобал таҳдидлар остида ҳам ўсимлик турларининг йўқолиб кетиш хавфини минималлаштирадиган муҳим халқаро ташаббус ҳисобланади.
Маҳсулотларни дунёдаги энг йирик ва хавфсиз уруғлик омборига етказиб бериш ташаббуси Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Шимолий генетик ресурслар маркази (НордГен) ҳамкорлигида амалга оширилди.
Бу жараён республиканинг қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, миллий генофондни мустаҳкамлаш ва халқаро озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларида муҳим босқич бўлди.
Шпицбергендаги Бутунжаҳон уруғ омбори Арктика абадий музлик зонасида жойлашган бўлиб, Цельсий бўйича 18 даража совуқда доимий ҳароратда ишлайдиган глобал ген банкидир. Ҳозир бу ерда бутун дунёдан 1,1 миллиондан ортиқ уруғ намунаси сақланмоқда.







