Ўзбекистон ва Германия давлат бошқаруви соҳасида ҳамкорлик қилмоқда
Давлат бошқаруви тизимининг замонавий муаммоларига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Давлат бошқаруви тизимининг замонавий муаммолари ва ривожлантиришнинг устувор вазифалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуманда Давлат бошқаруви академияси ходимлари ва тадқиқотчилари, Республикамизнинг вазирлик-идора ҳамда Академиянинг халқаро ҳамкор ташкилот раҳбарлари, соҳа экспертлари, олимлар, ҳамда тадқиқотчилар иштирок этди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, 200 га яқин қатнашчилар иштирок этган мазкур анжуман соҳа мутахассисларини бир жойга жамлагани билан аҳамиятлидир.
Ушбу халқаро конференцияда Ж. Абдураҳмонов номидаги Қирғизистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Алмазбек Акматалиев, Корея Бош Вазири ҳузуридаги Давлат бошқаруви институти Президенти Сангхан Чве, Остона Давлат хизмати хаби бошқарув раиси Алихан Байменовлар онлайн тарзда иштирок этиб бугунги кун давлат бошқаруви тизимининг замонавий муаммолари ҳамда бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги алоқалар тўғрисида маъруза қилди.
Шунингдек тадбирда, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва Давлат хизмати академияси проректори Андрей Марголин сўзга чиқиб, давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бошқарув кадрларидан талаб этиладиган замонавий компетенциялар тўғрисида сўз юритди.
Ханс Зайдел жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жавҳар Дўстов йиғилганларга Ўзбекистон ва Германия ўртасида давлат бошқаруви соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Конференцияда Давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш эволюцияси ва назарияси, жамоавий сиёсий лидерлик, Ўзбекистонда ижтимоий соҳада давлат бошқарувини ташкил этиш масалалари, рақамли иқтисодиёт шароитида давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш амалиёти ва бошқа мавзуларда секция муҳокамалари ташкил этилди.
Конференция сўнггида мутахассислар томонидан билдирилган таклифлар ва тавсиялар бугунги кунда Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришга ҳисса қўшиши таъкидланди.







