Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари ОАВ вакиллари билан учрашди
Икки мамлакат етакчилари музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирди. Икки давлат ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзолангани тарихий ташрифнинг энг муҳим натижаси сифатида қайд этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган музокаралар якунлари юзасидан фикр билдирди.
Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳеч муболағасиз тарихий аҳамиятга эга эканини чуқур мамнуният билан таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланишини саммитнинг энг муҳим натижаси сифатида қайд этди. Президентга кўра, мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишни ифодалайди.
Ташриф доирасида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизмига айланган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ҳам ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев Озарбайжон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий ерларининг қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.
Учрашувда ижтимоий инфратузилмаси жадал барпо этилаётган, янги иш ўринлари яратилаётган Қорабоғни қайта тиклаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
“Озарбайжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат. Муносабатларимиз замирида ягона сивилизатсион код – муштарак тарихий илдизлар, асрлик дўстлик, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам”, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Саммитга жиддий тайёргарлик кўрилгани қайд этилди. Хусусан, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, шунингдек, Ҳудудлар форуми самарали ўтказилди.
Музокаралар давомида Президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилиб, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг асосий йўналишлар бўйича ахборотларини тингладилар. Улар, аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини қамраб олди.
Томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлар ва ҳукуматлар, тармоқ идоралари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.
Музокараларда асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Ушбу муҳим маррага эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли дастур ҳам қабул қилинди.
Саноат кооперациясида янги ўсиш нуқталари белгиланди. Ташрифга тайёргарлик доирасида энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳаларининг салмоқли тўплами шакллантирилди. Мазкур лойиҳаларни илгари суришда бир неча йил аввал ташкил этилган Инвестиция жамғармаси муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳудудлар имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Шу мақсадда жорий ойда Тошкент шаҳри, Бухоро ва Наманган вилоятлари ҳокимлари Озарбайжонда бўлдилар.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши транспорт-транзит соҳаси бўлди. Томонлар Транскаспий коридорини биргаликда ривожлантириш, логистика инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва юк ташувларини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Икки халқ ўртасидаги яқин маданий-гуманитар алоқалар ишончли дўстлик кўприги вазифасини ўтамоқда. Ташриф доирасида Низомий Ганжавий номидаги Педагогика университетининг янги биноси очилиши, Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларининг бошланиши кўзда тутилган.
Йил якунига қадар Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари ҳамда Озарбайжонда олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форуми ўтказилади.
Шунингдек, Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий фильм суратга олиниши мамлакатлар маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлиши кутилмоқда.
ФИФА қарорига кўра, келаси йили Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига биргаликда мезбонлик қилади. Йирик спорт тадбири доирасида кенг кўламли “Икки мамлакат – бир чемпионат” дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
Давлат раҳбари сўзининг якунида озарбайжонлик ҳамкасбига илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев ушбу тарихий ташриф якунлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни аниқ амалий мазмун билан бойитиб, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда икки қардош мамлакатнинг барқарор тараққиёти учун янги уфқлар очишига ишонч билдирди.








