Сиетл ва Вашингтондан кейин Орегон ҳам 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб эълон қилди
Тегишли ҳужжатни губернатор Тина Котек томонидан имзоланган.

АҚШнинг Орегон штати губернатори Тина Котек 2026 йил 1 сентябрни штат миқёсида “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди.
Ўзбекистоннинг Сиетлдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, губернатор томонидан имзоланган ва Орегон давлат котиби Тобиас Рид томонидан тасдиқланган прокламацияда штат аҳолиси ушбу муҳим санани биргаликда нишонлашга чақирилган.
Мазкур қарор Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан қабул қилинган. Прокламацияда Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида суверенитетини мустаҳкамлаб, бой маданий меросини асраб-авайлаш, тинчлик, фаровонлик ва миллий тараққиёт йўлида изчил ривожланиб келаётгани қайд этилган.
Ҳужжатда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, мамлакатнинг халқаро майдондаги фаоллиги ҳамда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқалар савдо, инвестициялар, технологиялар, таълим, тоза энергетика, туризм ва халқлараро алмашинувлар каби йўналишларда тобора кенгайиб бораётгани эътироф этилган.
Прокламацияда Ўзбекистон Республикасининг Сиетлдаги Бош консулхонаси Орегон штатига ҳам консуллик хизматларини кўрсатиши, Ўзбекистон ва Орегон ўртасидаги маданий, иқтисодий, таълим ҳамда халқлараро алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшаётгани алоҳида қайд этилган.
Орегон штати Ўзбекистон билан маданий, таълим, иқтисодий ва халқлараро муносабатларни янада кенгайтиришни қўллаб-қувватлаши, ўзбек-америка ҳамжамияти ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган фуқароларнинг фаолияти эътироф этилган.
Орегоннинг мазкур қарори Ўзбекистон Мустақиллиги кунининг АҚШ штати миқёсида расман эътироф этилгани билан аҳамиятлидир. Бу Ўзбекистон–АҚШ муносабатлари нафақат федерал, балки штатлар даражасида ҳам изчил ривожланиб бораётганининг яна бир ифодасидир.
Маълумот учун, Орегон АҚШнинг Тинч океани соҳилида жойлашган иқтисодий ва технологик жиҳатдан муҳим штатларидан биридир. Аҳолиси 4,3 миллионга яқин бўлган штат иқтисодиёти 340 миллиард доллардан ошади. Орегон яримўтказгичлар ва юқори технологиялар соҳасидаги йирик марказлардан бири бўлиб, бу ерда Интел компаниясининг йирик илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси жойлашган. Штат, шунингдек, умумий савдо солиғи мавжуд бўлмаган АҚШнинг беш штатидан биридир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Вашингтон ва Сиетл шаҳарларида ҳам 1 сентябрь “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилинган эди.








