Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган Green Hills Resort мажмуасида “Экология ва туризм” мавзусига бағишланган “ЗАКОВАТ–25” Республика кубоги интеллектуал ўйинлари ўтказилди.
Мусобақа Тошкент вилояти ҳокимлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, “Заковат интеллектуал клуби” ННТ ҳамда “Греэн Ҳиллс Ресорт” мажмуаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Республиканинг 14 та ҳудудидан энг зукко “Заковат” жамоалари иштирок этиб, экология ва туризм соҳаларидаги билимларини синовдан ўтказдилар. Кун давомида иштирокчилар “Заковат”, “Брейн-ринг”, “Интеллектуал аукцион” ва “Шахсий ўйин” каби беллашувларда ўзаро рақобатлашди.

Тадбир доирасида томошабинлар профессионал заковатчилар билан шахмат ўйинида синовдан ўтиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, экологик масъулият, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор туризм ғоялари ҳақида муҳокамалар ташкил этилди.

Мусобақа саволлари асосан табиат, ўсимликлар, сайёҳлик ва адабиёт билан боғлиқ мавзуларда бўлиб, ёшларнинг экологик тафаккурини кенгайтиришга хизмат қилди. Тадбир давомида китоб тақдимоти ва маданий дастурлар ҳам ўтказилди.

Мусобақа якунига кўра, 1-ўринни Тошкент шаҳри жамоаси эгаллаб, 300 миллион сўм пул мукофотига сазовор бўлди.
2-ўринни Фарғона вилояти жамоаси олиб, 200 миллион сўм билан тақдирланди. 3-ўринни эса Жиззах вилояти жамоаси қўлга киритиб, 100 миллион сўм мукофот олди.
Мазкур интеллектуал мусобақа нафақат билимлар беллашуви, балки ёшлар орасида экологик маданиятни ошириш, туризм соҳасига қизиқишни кучайтириш ва соғлом фикрлашни ривожлантириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.


