Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 71-мактабда котиба томонидан 3-синф ўқувчисига нисбатан зўравонлик содир этилганини акс эттирувчи видео тарқалди. Видеода мактаб ходимасининг вояга етмаган болага шапалоқ ураётгани акс этган бўлиб, ҳолат жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси воқеа бўйича расмий баёнот бериб, ҳолат юзасидан махсус тезкор гуруҳ тузилганини маълум қилди. Гуруҳ аъзолари ҳодиса жойига етиб бориб, мактаб раҳбарияти, ходимлар ҳамда гувоҳларнинг изоҳларини йиғмоқда.
Ҳозирда туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса ўқувчи ва мактаб котибаси ўртасида келиб чиққан келишмовчилик ортидан юз берган.
Бошқарманинг маълум қилишича, текширув натижалари якунига етгач, воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига қонунчилик асосида ҳуқуқий баҳо берилади. Мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар тергов ҳаракатлари якунлангач эълон қилинади.


