Аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли фойдаланишларига тенг имкониятлар яратилиши, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган "Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар" тўғрисидаги рeзолюцияда 11 фeвраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни деб эълон қилинган.
2021 йилнинг 23 январь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида қизлар учун энг йирик халқаро технологик танлов – Technovation Girls Uzbekistan дастурининг янги мавсуми очилди.
Айни пайтда мамлакатимиз хотин-қизлари орасида 6 нафар академик, 514 нафар фан докторлари ва профессорлар, 4780 нафар фан номзодлари ҳамда доцентлар, минглаб ёш тадқиқотчилар, катта илмий изланувчи ходималар фаолият кўрсатмоқда.
ТДТУнинг Электроника ва автоматика факультетида 46 йилдан бери фаолият юритаётган Ўғилой Қурбонова ўз лойиҳалари ва ихтиролари билан кўпгина муваффақиятга эришган.

"Мактаб, академик лицей ва коллежлар учун физика курси бўйича янги турдаги ўқув - лаборатория қурилмалар туркумини яратиш ва уларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ихтироларни амалга оширганман. Олима аёллар 100 талигида лойиҳам билан қатнашдим ва бу ихтиро молиялаштирилди", дейди олима.
Яқинда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 100 нафардан ихтирочи аёлларини аниқлаб, улар билан истиқболда манзилли ва мақсадли ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.


