2026 йилдан бошлаб юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни яширин иқтисодиётга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича ўтказилган тақдимотда маълум қилди. Янги тизим бизнес учун қулай шароит яратиш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва тадбиркорларни очиқ фаолият юритишга рағбатлантиришни мақсад қилган.
Сўнгги йилларда солиқ турлари 13 тадан 9 тага қисқартирилди, 100 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Натижада кузатилмаётган иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги 45–50 фоиздан ҳозирда 35 фоизга тушди. Шунга қарамай, давлат раҳбари ушбу кўрсаткични янада камайтириш зарурлигини таъкидлади. Таълимотда илғор технологиялар асосида янги ёндашувларни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, савдо ва хизматлар соҳаларида ҳам жорий этиш топширилди.
Мисол сифатида, Тошкент шаҳрида жамоат транспортида автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилгач, реал йўловчилар сони аввалги ҳисоб-китоблардан 30 фоиз кўпроқ экани аниқланган. Рақамлаштирилган деҳқон бозорлари ва буюм бозорлари эса тушумни 2–3 баробар оширган. Шу боис, барча лицензия ва рухсатнома жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, солиқ ва божхона тизимида коррупцияга йўл қўяётган омилларни бартараф этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Президент Мирзиёев назорат чораларини кучайтиришнинг ўзи етарли эмаслигини, бунинг учун аҳолида ва тадбиркорлар орасида солиқ маданиятини юксалтириш ҳам зарурлигини қайд этди. Ҳалоллик ва очиқлик тамойилларини тарғиб этиш, тўғри ишлаётганларни рағбатлантириш орқали яширин иқтисодиётни камайтириш мақсад қилинмоқда. Шу орқали мамлакат иқтисодий барқарорлиги, фаровонлиги ва бюджет даромадлари ошиши кутилмоқда.


