Давлат раҳбарининг аҳолига арзон ва сифатли ёқилғи маҳсулотларини етказиб бериш бўйича топшириқлари ижроси доирасида Бухоро нефтини қайта ишлаш заводида AI-92 русумли автобензин нархи босқичма-босқич камайтирилди. “Ўзбекнефтгаз” АЖга кўра, бу чора ички ёқилғи бозорини барқарорлаштириш ва истеъмолчилар манфаатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Компания стратегияси доирасида ишлаб чиқариш жараёнлари оптималлаштирилди, таннархни камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, нарх пасайишига эришилди.
Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқарилган AI-92 автобензиннинг биржа савдоларидаги 1 тоннаси бошланғич нархи 12 млн 881 минг сўмдан 12 млн 628 минг сўмга туширилди. Бу эса бир литр AI-92 бензиннинг биржадаги бошланғич нархи 9 400 сўмни ташкил этишини билдиради.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ маълум қилишича, юқори октанли ёқилғи нархларини босқичма-босқич пасайтириш ишлари давом эттирилади. Мутаҳассисларнинг фикрича, бу қарор нафақат истеъмолчиларга қулай шарт-шароит яратади, балки бутун ёқилғи бозорига ижобий таъсир кўрсатади.


