1979 йил 8 августда “Пахтакор” Ворошиловграднинг “Заря” жамоасини 3:1 ҳисоби билан мағлубиятга учратади. Ушбу ўйин “Пахтакор”нинг ўша вақтдаги таркиби учун энг сўнгги бўлди.
11 август куни Тошкент-Гурьев-Донецк-Минск йўналишида парвоз қилаётган TU-134 самолёти, Челябинск-Кишинёв рейсини бажараётган яна бир TU-134 самолёти билан 8 400 метр баландликда тўқнашиб кетди. Ҳалокат оқибатида икки самолёт бортида бўлган жами 178 киши ҳалок бўлди. Улар орасида ўша вақтда ўзбек футболининг фахри саналган "Пахтакор" жамоасининг 17 нафар таркибий аъзоси ҳам бор эди.
Бу воқеа футбол ихлосмандлари ва бутун Ўзбекистон спорт жамоатчилиги учун оғир йўқотиш бўлди. Ўша мавсумда “Пахтакор” юқори натижалар кўрсатиб, Совет чемпионатида кучли жамоалар қаторидан жой олиш имконига эга эди. Мутаҳассислар эса яқин йилларда клуб Еврокубокларда ҳам ўйнаши мумкинлигини тахмин қилаётганди.
Фожиа тўғрисида биринчи хабар ҳавода бўлган AN-2 самолёти экипажи томонидан берилган:
"Куриловка ҳудудида қулайотган самолёт қисмлари кўзга ташланмоқда. Менимча, бу TU-134 парчалари."
Ушбу йўқотиш ўша мавсумда ишончли ўйин кўрсатиб келаётган ва келажакда Еврокубокларда қатнашиши кутилган жамоа учун оғир зарба бўлди.
Ҳалок бўлган "Пахтакор" аъзолари:
Идгай Тазетдинов — мураббий
Владимир Чумаков — шифокор
Мансур Толибжонов — маъмур
Михаил Ан — ярим ҳимоячи
Владимир Фёдоров — ҳужумчи
Олим Аширов — ҳимоячи
Равил Агищев — ҳимоячи
Константин Баканов — ярим ҳимоячи
Юрий Загуменных — ҳимоячи
Александр Корчёнов — ярим ҳимоячи
Николай Куликов — ҳимоячи
Владимир Макаров — ярим ҳимоячи
Сергей Покатилов — дарвозабон
Виктор Чуркин — ҳужумчи
Сирожиддин Бозоров — ҳужумчи
Шуҳрат Эшботаев — ҳужумчи
Владимир Собиров — ҳужумчи
Уларнинг мардлиги, фидойилиги ва спортга садоқати ҳеч қачон унутилмайди.


