Гурлан туманидаги “Солиқ сервис” давлат унитар корхонаси бош мутахассиси ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда, солиқ идораларидаги танишлари орқали икки нафар фуқарога сохта меҳнат стажи расмийлаштиришни ваъда қилган. Унга кўра, бу фуқаролар илгари ҳеч қаерда ишламаган бўлсада, 2025 йил январь ойидан июнь ойигача бўлган давр учун уларга иш ҳақи ҳисоблаб берилиши ҳамда тегишли маълумотнома тайёрланиши режалаштирилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Ижро ҳужжатларини таъминлаш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис ушбу хизмат эвазига 12 миллион 500 минг сўм олаётганда жиноят устида қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Мазкур ҳолат ҳужжатларни қалбакилаштириш ва порахўрликка қарши курашиш борасида навбатдаги мисол бўлди.


