Албатта тарихда ҳам ҳозиргидек миллат учун, Ватан учун она тилимиз учун курашган буюк инсонлар ўтганини инкор этиб бўлмайди. Аммо, афсуски, дунёнинг катта қисмида ҳукмронлик қилган буюк сулолалар вакиллари, тождор аждодларимиз она тилимиз учун етарлича жой куйдиришмаган. Буни узоқ йиллик кузатишларимга таяниб айтяпман.
Марказий Осиё, хусусан юртимиз ҳудудида туркий тилли халқлар минг йиллардан бери яшаб келади. Араб халифалиги даврида илк бор давлат бошқарувини қўлга олган маҳаллий сулола – сомонийларнинг келиб чиқиши ҳақида ҳали якдил хулосага келинмаган бўлса-да, уларнинг даврида маҳаллий аҳолининг катта қисми сўзлашадиган туркий тил эмас, форсий тил ривожига катта эътибор қаратилгани аниқ. Таассуфки, сомонийлар даврига оид туркий манбалар бизгача етиб келмаган ёки етарлича ўрганилмаган.
Шундан сўнг тож-тахт ғазнавийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар ва бошқа сулолаларга ўтса-да, халқнинг катта қисми туркийлар бўлса-да, давлат бошқаруви, таълим, юриспруденция, илм-фан ва адабиёт учун туркий тил юқори мавқега кўтарилолмади. тўғрироғи ҳукмдорлар бунинг учун жиддий ҳаракат қилмадилар.
Олимлар ўз илмий ишларини араб тилида олиб бордилар. Шоирлар форсийда подшоҳларни мақтаб қасидалар, достонлар битдилар, тарихчилар асарлар ёздилар, муфассирлар тафсирлар туздилар. Ҳукмдорлар уларни рағбатлантирдилар. Ўзлари ҳам фармонларини, хат-хабарларни форсийда имзоладилар.
Фақатгина Қорахонийлар даврида туркий тилга бир мунча эътибор қаратилгани рост. Чунки, шимоли-шарқий ҳудудларда яшаган қорахоний ҳукмдорлар форс тилини яхши билишмаган.
Соҳибқирон Амир Темур ва темурийларнинг мероси билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бу даврда чиндан ҳам юксак илмий кашфиётлар қилинди, бебаҳо асарлар битилди. Аммо, тан олиш керак, давлатнинг асосий тили барибир форсий бўлиб қолаверди. Гарчи Амир Темурнинг бир қанча ёрлиқлари, зафарномалари туркийда яратилган бўлса-да, асосий фармонлар, халқаро ёзишмалар форс тилида олиб борилган.
Амир Темурнинг Франция, Англия ҳукмдорларига юборган мактублари ҳам форсийда битилди. Ҳатто Усмонийлар хонадони вакили, турк султони Боязидга ҳам Соҳибқироннинг номалари форс тилида юборилган эди. Аммо, Боязид Амир Темурга усмонли туркчасида жавоб қайтарган.
Яхшики, миллат тақдирига Алишер Навоийдек буюк мутафаккир битилган экан. Навоий туркий тил мавқеини осмон қадар кўтарди. Ўлмас асарлар битди. Шу билан бирга шу тил тақдири учун жон койитди, қайғурди. Ўз асарлари етти пушти турк бўла туриб, ўз она тилига беписанд қараган валломатларни танқид қилди. Навоийнинг таъсирида султон Ҳусайн Бойқаро ҳам туркий тилни қўллаб-қувватлаб фармонлар чиқарди. Аммо, барибир форсий тил ўз устунлигини сақлаб қолди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ўзбек адабиётининг етук вакилларидан бири сифатида улуғлаймиз. Бобур ҳам ўз фармонларини форсий тилда чиқарган – бу айни ҳақиқат. Чунки, сарой тили форсий эди. Қалам, дафтар (канцелярия) форсийзабонлар қўлида эди. Туркий ҳукмдорлар даврида анъанага кўра армия, қурол-яроғ, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш туркий бек ва амирларга, сарой мансаблари, илм-фан, таълим, ҳужжатлар, китобат форсийзабон вазир ва мулозимларга топширилган. Бу анъана кейинги хонликлар даврида ҳам давом этди. Гарчи шайбоний, аштархоний ҳукмдорлар туркий тилда шеърлар битишга уринсалар-да, саройда туркий тил мавқеини кўтаришга етарлича эътибор қаратмадилар.
Бухорода ҳукумат ўзбек манғитлари қўлига ўтгач, давлат янада форслашди. XVIII аср охирларида Усмонийлар архивидан топилган бир ҳужжатда Бухоро амирининг элчиси султон билан таржимон воситасида форсча сўзлашгани қайд этилган. Форсий тил нафақат сарой, балки подшоҳ хонадонида ҳам ягона мулоқот воситасига айланди. Амир Музаффарнинг 1861 йилда ўз онасига битган мактуби ҳам форсийда экани шундан далолат беради. Ҳолбуки амирнинг отаси ҳам, онаси ҳам ўзбек уруғларига мансуб эди.
Қолган хонликларда-чи? Қўқон хонлигида туркий тил мавқеи бир мунча юқори бўлган, туркий тилдаги адаби муҳит шаклланган бўлса-да, иш юритиш асосан форсий тилда қолаверди. Қўқон хонлари оиласига мансуб Ҳакимхон тўра ўз “Мунтахаб ут-таворих” асарини форсийда битгани шундан далолат. Ҳатто оддий аҳоли вакиллари ҳам мерос, қарз, олди-сотди шартномаларини форс тилида тузишган.
Хива хонлигида Қўнғиротлар давридан давлат ишлари туркийда юритила бошлаган, кўп асарлар туркийда яратилган ва таржима қилинган. Аммо, Хивадаги кўплаб тарихий обидалардаги форсий битиклар давлатчилик эски қолиплардан тўла чиқа олмаганини кўрсатади.
Албатта ўтганларни танқид қилиш яхши иш эмас. Улар аллақачон бу оламни тарк этишган. Форсий тилни ҳам айблаш ноўрин. Бу тилда инсониятнинг гўзал маънавий дурдоналари яратилди. Аммо боболаримиз тил борасида бироз қатъиятли бўлишганда тилимиз бугун ҳозиргидан кўра анча қудратли, кенг қамровли бўлармиди? Тўғри форс тили илмий истилоҳлар, расмий ифодалар учун котибларга бир мунча қулайроқ туюлгандир. Аммо, туркий тил ҳам кўпроқ ишлатилса, пишитилса, сайқалланса, кутилган натижани берарди.
РУСТАМ ИҚБОЛ


