1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. энг долзарб

ЕТТБ делегацияси Ўзбекистонда собиқ уран конларини рекультивация қилиш натижалари билан танишди

9 миллион евролик грант асосида амалга оширилган лойиҳа Янгиобод ва Чоркессар-2 конларини қамраб олади.

ЕТТБ делегацияси Ўзбекистонда собиқ уран конларини рекультивация қилиш натижалари билан танишди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ядро хавфсизлиги департаменти директори ўринбосари, Экологик реабилитация жамғармаси раҳбари Эстер Харландер бошчилигидаги делегация Тошкент вилоятининг Янгиобод шаҳрига ташриф буюрди. Делегацияга Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳақимов ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиёт агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов ҳамроҳлик қилди.

 

Ташриф давомида меҳмонлар ЕТТБ кўмагида амалга оширилган собиқ уран конларини рекультивация қилиш лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар билан танишдилар. Янгиободдаги рекультивация ишлари 2023 йилда бошланган бўлиб, жорий йилнинг август ойида тўлиқ якунланди.

 

Лойиҳа доирасида кириш йўллари қурилди, эски иншоотлар бузилди, ифлосланган чиқиндиларни зарарсизлантириш учун махсус полигон барпо этилди, шахта сувларини дренаж тизимлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилди. Соҳил чизиқлари мустаҳкамланиб, сув чиқариш тизимлари янгиланди. Барча жараёнларда меҳнат, техника ва радиация хавфсизлиги талаблари қатъий назорат остида бўлди.

 

Вазир Азиз Абдуҳақимов рекультивация ишлари якунлангач, ҳудудни ободонлаштириш, буталар экиш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш ҳамда экологик ҳолатни кузатиш учун онлайн видеокузатув тизимларини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Унга кўра, бу чора-тадбирлар Янгиободнинг экологик хавфсизлигини мустаҳкамлаб, уни сайёҳлар ва аҳоли учун қулай масканга айлантиради.

 

Шарифбек Ҳасанов эса лойиҳанинг натижалари доимий мониторинг остида бўлишини, радиация даражаси паст ҳудудлар табиатга қайтарилишини ҳамда аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётганини қайд этди.

 

Маълумот учун, лойиҳа ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги 9 миллион евролик грант асосида молиялаштирилиб, Янгиобод (Тошкент вилояти) ва Чоркессар-2 (Наманган вилояти) конларини рекультивация қилишни ўз ичига олган. 2024 йил август ойида Чоркессар-2даги ишлар ҳам муваффақиятли якунланган.

 

Мазкур ишлар радиация таъсирини камайтириш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва аҳолининг соғлигини ҳимоя қилишга қаратилган.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика