1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Акмал Бурхонов қаердасиз? Ихтисослаштирилган мактаблар натижалари ҳаққонийми?

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари ва уларнинг натижалари кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бу норозиликларга бир қанча сабаблар бор. Ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари атрофидаги можаролар жиддий текширилиши керак. Ҳозирда эса натижалардан ва жараёндан норози ота-оналар алоҳида Telegram каналда бирлашиб, кейинги қадамларини маслаҳатлашмоқда.

Акмал Бурхонов қаердасиз? Ихтисослаштирилган мактаблар натижалари ҳаққонийми?

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7-8-9 июль кунлари ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларнинг, 10–12-июл кунлари эса Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаблари учун кириш имтиҳонлари ўтказилди. Ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги 20 июнь куни якунланган қабул бўйича ариза топширганлар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, таянч ихтисослаштирилган мактаблар учун энг кўп талабгор Тошкент шаҳрида қайд этилган — 21390 та. Буни пойтахтда таянч ихтисослаштирилган мактабларнинг сони кўпроқлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 3067 нафар бола ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширган.

 

 

Амалдаги тартибга кўра, имтиҳон натижалари 20 кун ичида чиқиши керак эди, бу йил айнан 20-куни чиқди. Бироқ...   

 

7-8-9 июль кунлари кунлари ва 10–12-июль кунлари бўлиб ўтган Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари ва уларнинг натижалари кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бу норозиликларга бир қанча сабаблар бор.

 

1- МАСАЛА. УЗОҚ КУТИЛГАН ВА ЎЧИРИБ ТАШЛАНГАН НАТИЖАЛАР 

 

29 июль куни Телеграмдаги ботлар орқали Ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширган ўқувчиларнинг натижалари эълон қилинганди. Унда айрим юқори балл тўплаган талабгорлар қабул қилинмаган, аксинча камроқ балл олганлар тавсия этилган ҳолатлар содир бўлган.  

 

Ҳолатга Ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги собиқ матбуот котиби Жўрабек Жангиров ўша заҳотиёқ муносабат билдириб, имтиҳон натижаларини билиш учун ташланган бот агентлик томонидан ўчирилганини ва мавжудлари эса ишламаётганини маълум қилди.

 

 “Ҳозирча ботлардаги натижалар нотўғри бўлиши мумкин. Ҳозирги натижаларга ишониб хурсанд ёки хафа бўлиб юрманг”, деб ёзган эди Жангиров.

 

 

Бир муддат ўтиб эса Жангировнинг пости ҳам унинг саҳифасидан ўчирилган.

 

Шундан сўнг, Ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларда Таянч ва ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларга қабул имтиҳонлари бўйича расман тасдиқланмаган маълумотлар тарқалганини айтди.

 

Ўша куннинг иккинчи ярмида натижалар эълон қилинди. Бироқ, бир кун аввал қабул қилингани ҳақида хабар олганларга, бу гал “тавсия этилмади” жавоби берилган. Ота-оналар ва ўқитувчиларнинг фикрича, тест натижаларининг олдин эълон қилиниб, кейин ўчирилиши ва қайтадан юкланиши шубҳаланиш учун асос бўлади. Сабаби ўқувчиларнинг олган баллари ҳар икки ботда ҳам бир хил бўлган фақат аввал тавсия қилинганлар, кейингисида тавсия этилмай қолган.

 

2-МАСАЛА. ИККИ ДОНА ХАТО ҚИЛГАНИ ҲАМ ЎҚИШГА КИРА ОЛМАГАНИ ШУБҲАЛИ

 

Тошкентда яшовчи оналардан бирининг Gazeta нашрига айтишича, унинг ўғли Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабга имтиҳон топширган. У жорий йилги имтиҳон ва баҳолаш тизими билан боғлиқ кўплаб чалкашлик ва адолатсизликлар кузатилганини қайд этди.

 

“Бу йилги имтиҳонларда максимал балл 76 этиб белгиланди. Фақат тўлиқ 76 балл олган ёки биргина хато қилиб 75 балл тўплаган ўқувчиларгина ўқишга қабул қилинди. Натижада 74 балл олган, яъни фақат икки хато қилган ўқувчилар ҳам ўта олмади. Бу эса нафақат болалар, балки ота-оналарда ҳам чуқур норозилик уйғотди. Мазкур тизим кўпчилик томонидан нореал, ҳаддан ташқари қатъий ва адолатсиз мезон сифатида қабул қилинмоқда", — деган у.

Тошкентда балл жуда юқори — 45 тадан — 30 та математика, 15 та инглиз тили, яъни 43 та ишлаган, яъни ҳар бир фандан биттадан хато қилган бола ҳам ўтолмаган, фақат 100 фоиз олган бола ўтган. 60 та бола шундай балл олиши мумкинми? Максимал балл 76,5 бўлса-да, 74,4 балл олган бола ҳам ўтмаса? Ушбу ҳолат ҳам ота-оналарнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

 

 

3-МАСАЛА. ИМТИҲОН ЗАЛИ КАРВОНСАРОЙМИ?

 

Имтиҳонлар ўтказилган катта биноларда фақат олд томонга камера ўрнатилгани, орқа ва ён тарафлар эса назоратсиз қолгани ҳам ота-оналарнинг норозилигини келтириб чиқарган.

 

Баъзи ўқувчилар бошқа абитуриентларнинг қўлида телефон кўрганини, имтиҳон пайтида суратга олинган тест топшириқлари тарқалиб кетгани ва кейинги сменада имтиҳонга кирган ўқувчилар уларга айнан шу тест топшириқлари тушганини тасдиқлаган.

 

Репетиторлик билан шуғулланадиган ўқитувчилардан бирининг қайд этишича, имтиҳон ўтказилган бино ташқарисида ўқув марказлари устозлари 1-сменадан чиққан ўқувчилардан тест топшириқлари ҳақида сўраб олган ва кейинги сменада кирадиган ўқувчиларини тайёрлаб олишга уларда етарлича вақт бўлган. Натижада биринчи сменада имтиҳон топширган ўқувчиларнинг кириш эҳтимоли жуда пасайиб кетган. Ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонидаги саволлар 1 га 1, 100 фоиз ўхшаш тушган, вариант ҳам, сон ҳам, савол ҳам ўзгармаган. Ал-Хоразмий мактабида эса худди ўша вариант тушган, фақат сонлари ўзгарган. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳрида кириш балларининг сунъий ошиб кетишига ва максимал балл тўплаб ҳам имтиҳондан ўта олмасликка сабаб бўлган, дея ёзди Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов.

 

“Ўғлим айрим болалар имтиҳондан чиқибоқ кимларгадир телефон қилганини айтганди. Уларда қандай қилиб телефон пайдо бўлди деб сўраганда эътибор қилмагандим. Бола имтиҳонда ишлатмаган, шунга қўлга тушмаган, лекин саволларни расмга олган бўлиши мумкин. Туриб-туриб, охирида кирганлар бўлди эрта келсаям. Чунки кеч қолган болалар яхши текширилмади. Бекорга эмасдир тургани деб ўйлаяпман ҳозир”, — фарзанди имтиҳондан чиққан ота-оналардан бирининг сўзларини келтирган Газета нашри.

 

4-МАСАЛА. ПИНҲОН ТУТИЛГАН БАЛЛАР!

 

Жорий йилда ихтисослашган мактаблар имтиҳонлари саволларига берилган баллар ҳам ўзгарди, тўғрироғи натижалар эълон қилинаётганда, бу йил ўзгача балл системада баҳолангани айтилди. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Telegram каналида 30 июль куни таянч ва ҳудудий ихтисослаштирилган мактаблар кириш натижаларини ҳисоблашда саволларнинг мураккаблиги ва ечиш босқичлари ҳисобга олиниб, 2,1 ёки 1,1 балл берилиши эълон қилинган. Бу хабардан бир соатча ўтиб, шу каналда имтиҳон натижалари эълон қилингани ҳақидаги хабар жойланган. Шу пайтгача кириш имтиҳонларида математика фанидан ҳар бир тўғри жавоб учун 2,6 балл, инглиз тилидан ҳар бир тўғри жавоб учун 2,2 балл бериб келинган.

 

“Биз устоз сифатида ўқувчиларга тушунтирганмизки, ҳар бир савол 2,6 баллдан. Осонми, қийинми — фарқи йўқ, шунинг учун имкон қадар мураккаброқ саволларни охирига қолдиргин, осонидан кўпроқ ечишга ҳаракат қилгин, деб ўргатамиз. Агар баҳолаш тизими ўзгаришини билганимизда, болаларга бошқача тушунтирган бўлардик — қийинидан кўпроқ ечгин, бунга кўпроқ балл беради, деган бўлардик”, —педагогнинг сўзларини келтирган Газета.

 

Комил Жалиловнинг қайд этишича, ҳақиқатан ҳам, тестология стандартларига кўра, тест топширувчиларга баҳолаш мезонлари ҳақида олдиндан хабар берилиши лозим.

 

“Баҳолаш мезонларининг қандай қўйилиши (масалан, барча тест топшириқларига бир хил балл берилиши ёки тест топшириқларининг мураккаблик даражасига қараб ҳар хил балл берилиши) тест топширувчининг тестда қўллайдиган стратегияларига таъсир қилади ва бу — нормал ҳолат. Қолаверса, агар баҳолаш мезонлари ўзгаргани ҳақида қайсидир тест топширувчиларга олдиндан маълум бўлган бўлса — бу айнан шу тест топширувчиларга бошқаларга нисбатан устунлик беради. Демак, мазкур ҳолатда тестология талаблари қўпол равишда бузилган”, — дея ёзди эксперт.

 

“Тестология стандартларидан ташқари, бу ҳолатда қонунчилик талаблари ҳам бузилган бўлиши мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги қарори билан тасдиқланган низомда фанлар ичида тест топшириқлари мураккаблик даражасига кўра ажратилиши ва ҳар хил балл берилиши кўзда тутилмаган”, — дейди Жалилов.

 

Ота-оналардан бири ҳам ўқувчиларга баҳолаш мезонларидаги ўзгаришлар ҳақида олдиндан хабар берилмаганини адолатсизлик деб баҳолади. Шунингдек, у қайси тест топшириқларига неча баллдан берилганини билиш имкони йўқлигини шубҳали деб атади.

 

Ал-Хоразмийда 30 саволдан айнан қайси бири 2,1 балли савол, айнан 1,1 балли савол қайси — бу ҳам шубҳали, аслида болага А даража 1,1 ёки B даража 2,2 дейилганда вақтни тақсимлай олар эди бола. 2,2 балли саволни ишлашга ҳаракат қилар эди”, — дейди ота-оналардан бири.

 

“Бу йилги ихтисослаштирилган мактаблар имтиҳонлари билан боғлиқ қизиқ ҳолатлар кўп. Масалан, имтиҳон ўтиб, натижа чиқишидан 1 соат аввал саволлар турли даражада экани маълум бўлди. Ҳар хил балл берилиши айтилди, ваҳоланки, унақа бўлганда имтиҳон саволлар даражаси савол устига ёзилиши ёки нечанчи саволгача 1,1, нечанчигача 2,1 берилиши имтиҳондан аввал айтилиши керак эди. Кейингиси — натижалар очиқланмаётгани: натижа баллар фақат умумий балл кўринишида берилди, ким қайси блокдан нечта топди, юқоридаги саволлар даражаси қийинини топдими, осониними — билишнинг иложи йўқ”, — деган яна бир ота-она.

 

РАСМИЙ МУНОСАБАТ АНИҚ ЖАВОБ ЭМАС!

 

1 август куни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги раҳбари Севара Шакирова тармоқларда билдирилаётган эътирозларга муносабат билдирди.

 

Маълум қилинишича, имтиҳонларда Бухоро, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида талабгорларда телефон борлиги аниқланган ҳамда улар белгиланган тартибда имтиҳондан четлаштирилган. Таъкидланишича, имтиҳон жараёнида айрим талабгорлар саволлар китобини йиртиб олиб чиқишга уринишган ҳолатлар гуруҳ раҳбарлари томонидан аниқланди. Бундай пайтларда китоб варақалари олиб қолинган. Бироқ айрим ҳолларда талабгор гуруҳ раҳбарини чалғитиб, айрим варақаларни олиб чиқишга муваффақ бўлган бўлиши ҳам мумкин. 

 

Шунингдек, Шакирова натижалар эълон қилиниб, ўчирилганига ҳам изоҳ берган. Унга кўра, 30 июль куни агентлик таянч ва ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларнинг расмий имтиҳон натижаларини ўзининг Telegram каналлари орқали эълон қилган. 29 июль куни турли Telegram каналларда тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотлар, шу жумладан, имтиҳон натижалари ҳақидаги фейк ботлар тарқатилди. (П/С: Ушбу фейк дейилган баллар, расмий эълон қилинган баллар билан бир хил). Агентлик раҳбари жорий йилда ўзгартирилган баллаш системасига ҳам тўхталган, осонроқ саволлар 1,1, қийинроқлари 2,1 балл билан баҳоланганини айтган. Масалан, математикадаги 30 та саволдан 12 тасига 1,1 баллдан, 18 тасига 2,1 баллдан берилган. Математикадан максимал балл 51 га тенг. Инглиз тилидаги 15 та саволдан 6 тасига 1,1 балл ва 9 тасига 2,1 баллдан берилган. Инглиз тилидан максимал балл 25,5 ни ташкил этади. Жами иккита фан бўйича максимал балл 76,5 га тенг. Бироқ, айнан қайси саволлар 2,1 лик, қайси саволлар 1,1 лик экани ҳамон очиқ қолмоқда.

 

Агентлик раҳбарининг баёноти муҳокама ва саволларга барҳам бермади. Таълим масалалари бўйича эксперт Комил Жалилов мазкур муносабатни “одатдагидек қуруқ, ҳеч бир муаммони реал ҳал қилмайдиган баёнот”, деб атади. Жалиловнинг таъкидлашича, Шакирова бир кун олдин “тавсия этилган” ўқувчилар эртаси куни худди шу баллари билан “тавсия этилмай” қолганига аниқ бир изоҳ бермаган.

 

“Фақат бир кун олдин натижани эълон қилган Telegram ботлар “норасмий” эканини, уларга ишонмаслик кераклигини айтди. Хўп, бу ботларга ишонмаслик керак экан, лекин бу “норасмий” ботлар тест топширган ўқувчиларнинг ID рақамлари, натижалари, қайси ихтисослаштирилган мактабларни танлагани ҳақидаги аниқ маълумотларни қаердан олган? Ахир эртаси куни ишга туширилган “расмий” ботлардаги натижалар билан бу “норасмий” ботлардаги маълумотлар фақат “тавсия этилди”нинг “тавсия этилмади”га ўзгаргани билан фарқ қилмадими?” — дейди Жалилов.

 

АППЕЛЯЦИЯ ЧОРА ЭМАС, ҲАММАСИ ҚАЙТА ТЕКШИРИЛСИН!

 

Zamon.uz фарзанди имтиҳондан иккита хато билан ўта олмаган она билан суҳбатлашди.

 

“73,3 билан йиқилди менинг ўғлим, иккала мактабдан ҳам. Аслида, у зўр балл тўплаган. Биринчи чиққан ботда кирди деб ҳам келганди. Кейинги кунгида эса тавсия этилмади, деб келди. Биз аппеляция бердик, аммо ҳеч нарса ўзгармаслигини биламан. Зўр натижа дедим ўғлимга. 1 та математика 1 та инглиз тилидан хато қилган. Мен ҳам имтиҳон топширсам бундан кўпроқ хато қилишим мумкин, деб овутяпман. Умидларни сўндиришди. Боламга йиқилиш аламни эрта ҳис қилдирганимдан афсусдаман”, - дейди ўзи ҳам ўқитувчи бўлган она.

 

“Мен аввалги йилларда Самарқанддаги ҳолатга гувоҳ бўлганман. Шу мактабларга қабул қилинганлар “казо-казоларнинг болалари эди. Аммо уларнинг қандай қилиб киргани менга маълум эмас”, - дейди Zamon.uz билан суҳбатда ҳудудий тележурналистлардан бири.

 

“Ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари атрофидаги можаролар жиддий текширилиши керак. Ҳозирда эса натижалардан ва жараёндан норози ота-оналар алоҳида Telegram каналга бирлашиб, кейинги қадамларини маслаҳатлашмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги яна бир марта ўзига қарши норозиларни бирлаштиришнинг уддасидан чиқа олди. Куни кеча тасдиқланган янги вазир учун жиддий синов — бу можарони у қандай ҳал қилар экан?” — деб савол қолдирди Комил Жалилов.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов муҳокамалар марказида қолаётган мазкур масалага эътибор қаратишини сўраб қоламиз. 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика