Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ижро хужжатига асосан, қарздор А.Б. ўзининг собиқ турмуш ўртоғи фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун, у вояга етгунига қадар алимент тўлаши белгиланган.
Мазкур ижро хужжати Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган ва давлат ижрочилари томонидан тегишли ижро ҳаракатлари амалга оширилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор А.Б. бюрога келиб, фарзанди 18 ёшга тўлгунига қадар тўланиши лозим бўлган алимент маблағини олдиндан тўлаш истагини билдирган.
Давлат ижрочилари унга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 808-сон қарорига мувофиқ алиментни олдиндан тўлаш тартиби тушунтирилган. Шундан сўнг келгуси 13 йил давомида тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳисоблаб чиқилиб, умумий сумма 2 миллиард 270 миллион 812 минг сўмни ташкил этган.
Қарздор мазкур суммани тўлиқ тўлаб берганини ундирилувчи ҳам тасдиқлаган ва бу ҳақда тегишли тилхат тақдим этган.
Ушбу тўлов ҳозирга қадар Мажбурий ижро бюроси амалиётида қайд этилган энг йирик алимент суммаси ҳисобланади.


