Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ота 6200 АҚШ доллари миқдорида алимент тўлади. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг қарорига кўра, қарздор М.Ю.дан ундирувчи С.А. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминотини таъминлаш мақсадида ҳар ойда оладиган даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Шаҳрихон туман бўлими иш юритувига қабул қилинган.
Ижрони таъминлаш мақсадида қарздор М.Ю.нинг Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари тегишли қонун талабларига кўра чеклаб қўйилган.
Шу туфайли, хорижга чиқиш истагида юрган қарздор ота фарзанди таъминоти учун алимент пулларини олдиндан тўлаб беришини билдирган.
Ижро ҳаракатлари давомида, тарафлар ўртасида келишувга эришилиб, қарздор М.Ю. ундирувчи. С.А. фойдасига 6 200 АҚШ доллари, яъни 74 миллион сўм миқдорида алимент пулини олдиндан тўлаб берди ҳамда қарздорга нисбатан қўлланилган чеклов чоралари бекор қилинди.


