Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида қарздор ота фарзанди таъминоти учун 204 млн сўм миқдорида алимент тўлади. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати хабар берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Х.Х.дан ундирувчи Х.И.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун 1/4 қисм миқдорида алимент ундирилиши белгиланган.
Мажбурий ижро бюроси Пахтаобод туман бўлими томонидан ижрони таъминлаш мақсадида қарздор Х.Х.нинг Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқлари тегишли қонун талабларига кўра чеклаб қўйилган.
Қарздор алимент тўловларини ўз вақтида амалга оширмаганлиги сабабли 56 млн сўм алимент қарзи йиғилиб қолган. Ижро ҳаракатлари давомида олиб борилган профилактик суҳбат жараёнида қарздор Х.Х. алимент қарзлари билан бирга 5 йиллик алимент пулларини олдиндан тўлаб беришини маълум қилди.
Хорижга чиқиш истагида юрган қарздор ота фарзанди таъминоти учун жами 204 млн сўм алимент пулини ундирувчига тақдим этди.


