АҚШ ҳукумати 2025 йил бошидан бери 515 мингдан ортиқ ноқонуний муҳожирни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборди. Бу ҳақда Ички хавфсизлик департаменти котиби ёрдамчиси Трисия Маклафлин маълум қилди, дея хабар беради TASS.
Расмий маълумотларга кўра, йил якунига қадар депортация қилинганлар сони 600 минг нафарга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, жорий йил давомида 2 миллиондан ортиқ муҳожир АҚШни тарк этган бўлиб, уларнинг қарийб 1,6 миллиони мамлакатни ўз ихтиёри билан тарк этган.
Департамент маълумотида қайд этилишича, депортация жараёнлари асосан ноқонуний кириш, виза муддатини бузиш ва жиноят содир этган шахслар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича амалга оширилмоқда.
Хусусан, май ойида АҚШ Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган 131 нафар муҳожирни депортация қилган, улар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам бор эди. Сентябрь ойида эса АҚШдан 39 нафар Ўзбекистон фуқароси махсус рейс орқали мамлакатга қайтарилган.
Мутаҳассислар фикрича, Доналд Трамп президентлик лавозимига киришганидан сўнг депортация сиёсати анча қатъийлашган. Мақсад — мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ноқонуний миграция оқимини кескин камайтиришдир.


