Нью-Йорк шаҳрининг марказида жойлашган 102 қаватли ҳашаматли осмонўпар бино жиддий конструктив муаммолар туфайли нурай бошлади. 2015 йилда фойдаланишга топширилган ушбу иншоотда ташқи фасадда ёриқлар ва бўшлиқлар пайдо бўлган, ички қисмда эса лифтлар тез-тез ишдан чиқаяпти, сув сизиб киряпти. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар берди.
Мутаҳассисларга кўра, бунга эҳтимолий сабаб бино лойиҳачиси Гарри Маклоу талаб қилган оқ фасад рангидир. Фасадни оқ рангда тайёрлаш учун бетон аралашмасининг таркиби ўзгартирилган бўлиб, бу мустаҳкамликка салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Қурилиш бошланишидан олдин ҳам бу борада хавотирлар билдирилиб, огоҳлантиришлар берилган.
Қурилиш муҳандиси Стив Бонжорно шикастланишлар ортиқча оғирлик ва конструкцион заифликдан далолат беришини маълум қилди. Унга кўра, “тўққиз хонали сумма”ни ташкил қилувчи таъмирлаш ишлари амалга оширилмаса, бино яшаш учун яроқсиз ҳолга келиши ёки атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкин.
Бино аҳолиси 2017 йилдан бошлаб сув сизиб чиқиши, қувурлардан келаётган шовқин ва паст энергия самарадорлиги каби муаммолар ҳақида шикоят қилиб келмоқда. 2021 йилда улар қурувчи компанияга нисбатан суд даъвоси киритиб, 165 миллион долларлик компенсация талаб қилишган.
Баландиги 425,5 метр бўлган мазкур бино Манҳэттен марказидаги Парк Авеню 432 манзилида жойлашган бўлиб, у “қалам шаклидаги” дизайни билан машҳур. CNNнинг ёзишича, бу бинода хонадон сотиб олганлар орасида қўшиқчи Женнифер Лопес ҳамда хитойлик тадбиркор Е Цзяньмин ҳам бор.


