1 октябрдан бошлаб АҚШ визасини олиш тартибида муҳим ўзгариш кучга киради. Энди виза учун тўлов миқдори 185 доллардан 435 долларга ошади. Бу янги тартиб “Виза яхлитлиги тўлови” (Visa Integrity Fee) деб аталадиган йиғимнинг жорий этилиши билан боғлиқ.
Мазкур йиғим иммиграцион бўлмаган визалар учун — яъни АҚШга ўқиш, ишлаш ёки сайоҳат қилиш мақсадида вақтинчалик борадиган чет элликлардан ундирилади. Расмий изоҳларда қайд этилишича, тўловнинг асосий мақсади — ноқонуний миграцияга қарши курашиш, виза тизимини модернизация қилиш ҳамда миграция қонунчилигини бузганларнинг харажатларини қоплашдир.
Минимал 250 доллардан бошланувчи қўшимча йиғим мавжуд 185 долларлик консуллик тўловига қўшилади. Мутаҳассислар фикрича, келгусида ушбу тўлов миқдори оширилиши эҳтимолдан холи эмас.
Қоидага кўра, виза режимини бузмаган хорижий фуқаролар АҚШ сафаридан қайтгач, ушбу тўловни қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, Россия фуқаролари учун қайтариш жараёни қўшимча молиявий хавф туғдириши қайд этилмоқда, чунки маблағ рублда қайтарилади ва якуний сумма валюта курсидан таъсирланади.


