Айни пайтда Хоразм вилоятининг қадимий Хива шаҳрида жойлашган “Арда Хива” мажмуаси ҳамда “Ичан қалъа” давлат музейқўриқхонаси ҳудудида “Қовун сайли – 2025” фестивали бўлиб ўтмоқда.
Фестивалнинг бош майдони бўлмиш “Арда Хива” замонавий туризм мажмуаси 24,5 гектар майдонда жойлашган бўлиб, ўзида кенг қамровли инфратузилмани жамлаган. Мажмуа таркибига 18 та меҳмонхона, 24 та ресторан ва кафе, ҳунармандчилик уйлари, шарқ бозори, аквапарклар, 3000 томошабинга мўлжалланган амфитеатр, сайр қилиш учун қулай соҳил бўйи, мусиқали фаввора ҳамда бошқа замонавий дам олиш масканлари киради.





“Қовун сайли – 2025” нафақат Хоразмнинг қовунчиликдаги бой салоҳиятини, балки унинг маданий мероси, миллий таомлари ва меҳмондўстлигини дунёга танитадиган йирик фестивалга айланмоқда. Арда Хива эса бу жараённинг юраги сифатида Хоразмнинг энг яхши анъаналари ва замонавий қиёфасини бирлаштирмоқда.


