1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Cаломатлик

Боланинг бўйи нега ўсмайди?

Ушбу муаммо ёш организмда гормонал ўзгаришлар содир бўлаётганидан дарак.

Боланинг бўйи нега ўсмайди?

Ҳар бир ота-она учун фарзандининг соғлом улғайиши жуда муҳим. Бироқ боланинг бўйи ўсмаслиги кўп ҳолларда ташвишли вазиятларга сабаб бўлади. Хўш, бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак? Қайси чораларни қўллаш муаммога ечим бўла олади?

 

 

— Боланинг бўйи тенгқурларига нисбатан пастлиги унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиб, ўғил-қизларда сал нарсадан асабийлашиш ва тенгдошлари орасида ўзини нуқсонли деб билишига сабаб бўлади, — дейди мутахассис. — Қолаверса, ушбу муаммо ёш организмда гормонал ўзгаришлар содир бўлаётганидан дарак. Шу боис бу ҳолатга эътиборсиз қараш тўғри эмас.

 

Аслида болада бўйи ўсмаслигининг сабаб ва омиллари кўп. Биринчи навбатда, ўсишдан тўхташ ирсият билан боғлиқ. Шунингдек, организмдаги айрим гормонларнинг кўп ёки камлиги ҳам бунга таъсир қилади. Яъни эндокрин тизимдаги турли издан чиқишлар бўй ўсишида турли патологияларни келтириб чиқаради.\

 

Хусусан, гипофиз, қалқонсимон ва буйрак усти безларида етиладиган гормонлар ўсиш гормонлари дейилади. Шуниси қизиқки, ўсиш гормонлари бола ухлаганда ишлаб чиқарилади. Демак, меъёрида ухлаган фарзанд яхши ривожланади. Баъзида буйрак, юрак, ўпка ва ҳазм аъзоларидаги сурункали касалликлар ҳам бўй ўсишини тўхтатиши мумкин.

 

Қолаверса, организмда паразитлар бўлса ҳам бу борада муаммолар юзага келади. Яна бир омил — руҳият билан боғлиқ бўлиб, фарзандга меҳр етишмаслиги унда ўсиш гормонлари ишлаб чиқарилишига салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, онанинг ҳомиладорлик давридаги овқатланиши, бошдан кечирган стресс ва касалликлари ҳам асосий сабаблардан бири.

 

Болада бўйи ўсмаслиги, асосан, 4 ёшдан кейин намоён бўлади. Кўпинча ота-оналар фарзанди мактабга чиққач, тенгқурлари орасида унинг бўйи пастлигини сезиб қолишади. Аммо шунда ҳам бунга етарлича эътибор бермайди. Оқибатда бу ҳолат ўсмирлик даврига келиб янада жиддий муаммога айланиши мумкин.

 

Шу боис ота-оналар фарзандининг бўйи ўсмаётганлигини сезгач, дарҳол шифокор-эндокринологга мурожаат қилиши ва фарзанди тўлақонли текширувлардан ўтиши лозим.

 

Дастлаб шифокор УТТ ҳамда қонда гормонлар нисбатини аниқлайди. Шундан сўнг рентгенография ёрдамида билак суяклари текширилади. Бу усул орқали боланинг суяклари ўсиш ҳудудидами ёки йўқлигини билиш мумкин.

 

Зарурат туғилса, бўй ҳамда вазн ўлчами, бош соҳасининг томография текшируви, қўл кафти рентгени, қондаги гормон миқдори, жигар фаолияти, гижжалар текшируви ва генетик хасталикка гумон қилинганида генетик мутахассис томонидан алоҳида қон таҳлили олинади.

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика