Дориларсиз қон босимини пасайтириш усули аниқланди
Чой, шоколад, олма – юрак саломатлиги учун табиий дорилар ҳисобланади.

Суррей университети олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, чой, қора шоколад, олма ва узум каби маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш қон босимини пасайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, бу ижобий таъсир ушбу маҳсулотлар таркибидаги флаван-3-оллар деб аталувчи табиий бирикмалар билан боғлиқ. Какао, чой, мевалар ва резаворлар таркибида мавжуд бўлган бу модда юрак-қон томир саломатлигига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.
145 та рандомизацияланган тадқиқотлар таҳлилига кўра, флаван-3-оллар, айниқса, юқори қон босимига эга одамларда босимни пасайтиришда муҳим роль ўйнайди. Айрим ҳолатларда бу таъсир ҳатто дори воситалари билан тенг даражада самарали бўлгани кузатилган.
Тадқиқот давомида флаван-3-оллар томирлар ички қатламининг (эндотелий) функциясини ҳам яхшилаши аниқланган. Бу эса уларнинг саломатликка босимдан мустақил равишда ҳам фойдали таъсир кўрсатишини англатади.
Олимларнинг таъкидлашича, бу модда дори воситаларининг ўрнини боса олмайди, бироқ мувозанатли парҳезнинг бир қисми сифатида флаван-3-олларни ўртача миқдорда истеъмол қилиш юрак саломатлигини сақлашда муҳим қўшимча чора бўлиши мумкин.







