Черногория ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун амалда бўлган визасиз режимни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур тартиб 2025 йил 29 октябрдан бошлаб кучга киради.
Янги қарорга кўра, эндиликда Ўзбекистон, Арманистон, Қувайт ва Миср фуқаролари Черногорияга сафар қилишдан аввал виза расмийлаштириши талаб этилади.
Расмий маълумотларга кўра, бу чора Черногориянинг Европа Иттифоқига аъзолик йўлида виза сиёсатини Европа Иттифоқи стандартларига мослаштириш жараёнининг бир қисми сифатида қабул қилинган.
Шу билан бирга, Хитой, Россия, Туркия, Қатар, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Озарбайжон фуқаролари учун визасиз кириш тартиби аввалгидек сақланиб қолади. БАА фуқаролари эса мамлакатга мавсумий чеклов асосида киришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари 2023 йил июнидан бошлаб Черногорияга қисқа муддатли саёҳатлар учун визасиз бориш ҳуқуқига эга эдилар.
Ўзбекистон ва Черногория ўртасида дипломатик муносабатлар 2008 йилда ўрнатилган бўлиб, шу давр мобайнида икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб келмоқда.
Сўнгги йилларда томонлар туризм, таълим, транспорт ва инвестиция йўналишларида ўзаро алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирмоқда. Черногория Ўзбекистон фуқаролари учун машҳур Европа сайёҳлик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.


