Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қатар Давлати Амирлар маҳкамасининг бир гуруҳ ходимлари ҳалок бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Вазирлик баёнотида ушбу фожиали воқеа ҳақидаги хабар Ўзбекистонда катта қайғу билан қабул қилингани таъкидланади.
«Қатар Давлати Амирлар маҳкамасининг ходимлари ҳалок бўлганлиги бизни чуқур ларзага солди. Ўзбекистон халқи ва ҳукумати номидан марҳумларнинг оила аъзолари ҳамда бутун Қатар халқига самимий таъзия изҳор этамиз», — дейилади ТИВ мурожаатида.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 12 октябрга ўтар кечаси Шарм ал-Шайхдан 50 километр масофада содир бўлган. Қатарнинг Ғазо секторидаги музокараларда иштирок этаётган делегация аъзолари бўлган Абдуллоҳ бин Ғаним Ал-Хаярин, Ҳасан Ал-Жобир ва Сауд бин Тамер Ал-Тан ҳаётдан кўз юмган.
Қатарнинг Мисрдаги элчихонаси дипломатларнинг вафотини тасдиқлаган. Яна икки нафар делегация аъзоси тан жароҳати билан Шарм ал-Шайх халқаро касалхонасига ётқизилган.


