26 сентябр куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняху Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида нутқ сўзлади.
Ўз чиқишида у “ҲАМАС”ни зудлик билан қуролсизлантириш ва гаровга олинганларни озод қилишга чақирди. Бош вазирнинг таъкидлашича, “агар гаровдагилар озод қилинса ва ҲАМАС қуролни топширса, можаро дарҳол якунланади”. Шу муносабат билан у Ғазо сектори хавфсизлиги устидан Исроил назорати сақланиши зарурлигини қайд этди.
Нетаняху, шунингдек, Фаластин давлатини тан олиш масаласига тўхталиш асносида уни қатъиян рад этишини яна бир бор билдирди. Унга кўра, “Исроил фуқароларининг хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳлар бошқарувидаги давлат тузилмаси қабул қилиниши мумкин эмас”. Бош вазир Фаластин маъмуриятидаги коррупция ҳолатларини ҳам танқид қилди.
Исроил раҳбари Фаластин давлатини тан олган мамлакатларни кескин қоралаб, уларни “ҲАМАСга таслим бўлишда” айблади ва “бундай қарорлар терроризмни осонлаштиради” дея таъкидлади. Шу билан бирга, Нетаняху АҚШ президенти Дональд Трампга Исроилни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик изҳор этди.
Нутқдан аввал Исроил делегацияси 2023 йил 7 октябр куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужум ҳақидаги видеолавҳани намойиш қилди. Унда террористларнинг тана камералари орқали ёзиб олинган кадрлар ҳам акс эттирилди. Нетаняху минбардан QR-код намойиш этиб, хоҳловчилар ушбу лавҳани тўлиқ кўришлари мумкинлигини маълум қилди.
Нутқ давомида Исроил армияси Ғазо чегарасида ва шаҳар ичида овоз кучайтиргичлар ўрнатиб, шунингдек, аҳоли ва жангариларнинг телефонларига тўғридан-тўғри узатиш орқали Бош вазир мурожаатини эфирга узатди. Нетаняху гаровга олинганларга иброний ва инглиз тилларида мурожаат қилиб:
“Биз сизни бир лаҳза ҳам унутмадик. Сизларни уйларингизга қайтармагунча жим турмаймиз”, — дея таъкидлади.
Унинг чиқиши пайтида Бош Ассамблея залига биринчи бўлиб араб ва мусулмон давлатлари делегациялари тарк этди.


