Францияда ҳукумат томонидан илгари сурилган тежамкорлик чоралари ва давлат бюджет лойиҳасига қарши мамлакат миқёсида оммавий норозилик намойишлари бошланди.
Касаба уюшмалари маълумотига кўра, бутун Франция бўйлаб 250 га яқин намойиш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда қарийб 350 минг киши иштирок этиши кутилмоқда. Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бруно Ретаиллонинг баёнотига кўра, жамоат тартибини таъминлаш мақсадида 76 минг нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари сафарбар этилган.
Норозилик намойишлари allaqachon Марсел, Нант, Бордо ва Ажачода бошланган. Лион, Брест, Ренн, Монпелье, Страсбург, Дижон ва Лил шаҳарларида ҳам намойишлар ташкил этилиши кутилмоқда. Энг йирик марш Парижда бўлиб ўтади, унда 20 мингдан 40 минггача фуқаро қатнашиши тахмин қилинмоқда.
Намойишлар жамоат транспорти тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Париж ва унинг атрофидаги бир нечта метро бекатлари ёпилди, поезд ва трамвай қатновида узилишлар кузатилмоқда. Жанубий ҳудудларда эса автобус депоси фаолияти тўхтаган.
Шунингдек, намойишчилар мамлакатнинг турли ҳудудларидаги йирик саноат корхоналарини тўсиб қўйди. Жумладан, Stellantis автомобиль заводи, Michelin шиналар ишлаб чиқариш корхонаси, Тулуза шаҳридаги мудофаа ва технология ишлаб чиқувчи Thales компанияси ҳамда Париж чекикасидаги ушбу компания бош офисига кириш йўллари ёпилди.
Норозиликлар таълим соҳасига ҳам таъсир кўрсатмоқда. BFMTV маълумотига кўра, еттита мактабга кириш чекланган, яна 40 га яқин ўқув муассасаси фаолияти тўхтатилган. Касаба уюшмаларининг таъкидлашича, ўқитувчиларнинг 27 фоизи намойишларга қўшилган.


