Россия ва Украина ўртасида навбатдаги асирлар алмашинуви амалга оширилди. Томонлар “185 га 185” формуласи асосида ҳарбий хизматчиларни қайтаришга келишиб олди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Украина назоратидаги ҳудудлардан 185 нафар россиялик ҳарбий қайтарилди, шунингдек, 20 нафар тинч аҳоли ҳам Россия томонига топширилди.
Алмашинув доирасида Украина ҳам 185 нафар ўз ҳарбийсини қайтариб олди. Қайтарилган барча россияликлар Беларус ҳудудига етказилиб, уларга зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда. Кейинчалик улар Россиядаги тиббиёт муассасаларида даволаниш ва реабилитация жараёнини давом эттиради.
Маълумот учун, Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги йирик асирлар алмашинуви 24 август куни бўлиб ўтган эди. Ўша сафар 146 нафар ҳарбий икки томонлама қайтарилган. Шунингдек, фуқаролик шахсларининг топширилиши ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашиш ҳам амалга оширилган.


