Бугун, 23 февраль куни соат 10:00 да Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Ғаллаорол тумани "Маданият" маҳалласида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Дарҳол ёнғин жойига ёнғин-қутқарув бўлинмаси юборилган. Қутқарувчилар айтилган манзилга соат 10:13 да етиб борган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида стансия фаолияти авария ҳолатида тўхтатилиб, фуқаролар ва бошқа транспорт воситалари зудлик билан хавфсиз жойга кўчирилган.
Ёнғин соат 10:35 да тўлиқ бартараф этилди.
Ёнғин ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги (газ тўлдириш ускунаси автомобилдан узилмасидан ҳаракатланиш) оқибатида рўй берган. Кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўрақўрғон туманида “Spark" ҳамда Қашқадарёда “MAN” русумли юк машинаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.