Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатида жойлашган Буккараясамудрам қишлоғида 18 ойлик қизалоқ мактаб ошхонасида юз берган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди, деб хабар беради Mothership.
Маълум қилинишига кўра, мактаб қўриқчиси ўша куни кичик қизи Акшитани иш жойига олиб келган. Бола мушукни қувиб, ошхонага кириб кетган ва тасодифан ўқувчилар учун қайнатилаётган катта сут идишига тушиб кетган.
Ҳодиса вақтида қизчанинг онаси ҳам шу ерда бўлган ва дарҳол уни қозондан чиқариб олган. Жабрланувчи оғир куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган, бироқ шифокорларнинг уч кунлик саъй-ҳаракатларига қарамай, қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Маҳаллий ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳодиса юзасидан суриштирув бошлаган.


