Ўзбекистон Президенти томонидан “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (PF–129, 7 август 2025 йил) фармон имзоланди.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бошқарув ходимларининг маош ва рағбатлантириш тизими янгиланади.
Янги тартибга кўра:
Лавозим маошлари ягона тамойил асосида янгиланган тариф сеткаси ва кўп йиллик хизмат ҳамда лавозим даражасига қараб табақалаштирилган коэффициентлар асосида белгиланади.
Рағбатлантириш тўловлари энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида — ҳар ойлик устамалар, малака (мартаба) даражаси учун тўловлар ҳамда давр якуни бўйича бонус шаклида амалга оширилади.
Фақат фармонда кўзда тутилган устама, мукофот ва тўловларгина амалга оширилади; бошқа ҳар қандай қўшимча тўловлар тақиқланади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси қуйидагилардан иборат бўлади:
1. Лавозим маоши.
2. KPI бўйича ҳар ойлик устама.
3. Малака даражаси учун тўловлар.
4. Мукофот ва бонуслар.


