ИИВ ислоҳ қилинмас экан, ўлимлар сони ортаверади

Давлат ташкилотлари халқ учун сидқидилдан хизмат қилсин, соҳадаги муаммо ва камчиликларнинг ҳаммаси очиқ, ошкора, шаффоф бўлишидан умидвор бўлиб, ташкилотлар «пешона»сидан тортиб, ходимлар кўксигача камера ўрнатилди. Аммо вазият ўзгармади.

ИИВ ислоҳ қилинмас экан, ўлимлар сони ортаверади

 

 

 

Одатда, «бизда ҳаммаси яхши, муаммо йўқ» дея кўксимизни керамиз. Бироқ халқ ҳақиқатни излаб, эшигида кунлаб, ойлаб, вақти келса йиллаб адолат қарор топишини мижжа қоқмай кутадиган айрим ташкилотларда бугун муаммолар газаклаб кетганига гувоҳ бўляпмиз. 

 

Бўкадаги ИИБдан 36 ёшли йигитнинг ўлиги чиқди

 

Фарғонада ИИБга олиб кетилган 15 ёшли бола вафот этди

 

Навоий шаҳар бешинчи минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида маҳкум ваҳшийларча ўлдирилди.  

 

Чилонзорда 21 ёшли йигит терговдан қочиш мақсадида ҳожатхонадан пастга сакраб, вафот этди

 

ИИБ ходими ҳамкасбини автоматда отиб қўйгани маълум бўлди

 

Чироқчилик ИИБ ходимлари қотилликни яшириш учун гувоҳларнинг оғзини ёпишга уринди...  (Бу рўйхатни яна давом эттирса бўлади.) 

 

Сўнгги пайтларда бу каби ҳолатлар жуда кўп кузатилмоқда. Давлат ташкилотлари халқ учун сидқидилдан хизмат қилсин, соҳадаги муаммо ва камчиликларнинг ҳаммаси очиқ, ошкора, шаффоф бўлишидан умидвор бўлиб, ташкилотлар «пешона»сидан тортиб, ходимлар кўксигача камера ўрнатилди. Аммо вазият ўзгармади. Блогер Шаҳноза Соатова таъбири билан айтганда, «боди-камера»лардаги тасвирлар ошкор этилмайди ёки кесиб-улаб кўрсатилади, одам 4-қаватдан тушиб кетгани ИИБ биноси камераларига муҳрланган дейилади, лекин кўрсатилмайди, норасида гўдакнинг «мелиса» биносидан ўлиги чиқади, лекин бирон далил жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Камералар, «тергов сири» деган важлар, жазоловчи чоралар – ҳаммаси фуқаролар зарарига. Ички ишлар фойдасига ишлайверса, ростдан ҳам «қўрқинчли»... Гумонланувчи (орасида айбсизлар ҳам талайгина) терговда қийноққа солинади, ходимлар томонидан таҳқирланади, хоҳлаган кўйига солинади, суд адолатсиз ҳукм чиқаради... 

 

Хато қийноқ ёки ўлим билан тузатиладими?

 

Ҳеч бир бола жиноятчи бўлиб туғилмайди. Аслида, ота-она ҳам фарзандини эл-корига ярайдиган, орзу-ҳавасларини ушалтирадиган фарзанд бўлишини истайди, умри давомида бунга жон-жаҳди билан курашади. Минг машаққат билан кўз қорачиғидек асраб, вояга етказади. Ҳаётда ҳамма хато қилади. Аммо хатони тузатиш дўқ-пўписа, калтак, қўрқитув, ЎЛИМ йўли билан эмас, хушмуомалалик билан тузатилади.

 

Тасаввур қилинг, эрталаб фарзандингиз уйдан соғлом чиқиб кетса-ю, айрим сабабларга кўра (айниқса, органга олиб кетилиб), уйингизга унинг жасади кириб келса, бу – ўзбек учун фожиа, уят.

 

Бўкадаги 36 ёшли йигитнинг ўлими жамоатчилик вакиллари муҳокамасида

 

Ижтимоий тармоқларда Бўкадаги ИИБдан 36 ёшли йигитнинг ўлиги чиққани турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бунга кенг жамоатчилик вакиллари ҳам фикр билдирди.

 

Alimoff соҳага кириб қолган айрим нопок кимсалар бўлиши эҳтимоли, бунинг учун ўша идоранинг ўзи бу масалада қаттиқ талабчан бўлиши кераклигини айтмоқда.  «Қўрқув бефарқликни келтириб чиқаради, бефарқлик эса деградацияни» демоқда.

 

«ИИВ вазирлик ўлароқ бир нарсани тушуниши керак. Ўн минглаб одам ишлайдиган ташкилотда шунақа садистлар ҳам, моньяклар ҳам, бу ишга адашиб келиб қолганлар ҳам бор бўлиши мумкин. Бу жуда кўп одам ишлайдиган ташкилотда ҳамма оппоқ бўла олмайди. Ҳеч қайси ташкилотда бундай бўлмайди.

 

Ҳар қандай хато қилган ходимни максимал оқлаб, кейин унинг хатосини ёпиб бўлмайдиган даражага келиб қолгандагина тан олиш ўрнига ўзлари қонун ҳимоячиси ўлароқ ўз ходимларига нисбатан қаттиқроқ талабчан бўлишлари керак. Бу нарсалар ушбу хизматни обрўсини оширишдан бошқа иш қилмайди.

 

Бугун эса халқ сизлардан қўрқади. Қўрқишга сабаблар кўп. Қўрқув бефарқликни келтириб чиқаради, бефарқлик эса деградацияни. Бу нарса келажакда ўзингизга ҳам зарар бўлиши мумкин. Ҳар куни чиқаётган турли негатив хабарлар, қаторасига юз бераётган 3-4 та ҳолатлар тизим тубдан ислоҳотга муҳтожлигини яна бир бор эслатмоқда», дейди блогер.

 

Давлетов.уз ҳам тизим тубдан ислоҳ қилиниши керак деб айтмоқда. Косметик ислоҳотлар билан эмас, қатъий ва тизимли асосда чора кўрилишининг вақти етиб келганини билдирган.

 

«Ички ишлар тизими ислоҳ қилиниши керак. Етти йилдан бери такрорланади. Юқоридаги ва бошқа ҳолатлар ички ишлар органларига кириб қолган "бир-иккита ноинсоф" ходим эмас, балки тизимли муаммо, муаммо бўлса ҳамки, бунга косметик ислоҳотлар билан эмас, қатъий ва тизимли асосда чора кўрилиши лозим.

 

Ички ишлар органларининг инсоний юзи пайдо бўлиши керак. Бунинг учун тизим бошқарувини тўлақонли янгилаш, тизим шаффофлигини таъминлаш ва самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг вақти келди. Йўқса, ИИВ бошқарувидаги уқувсизлик ва хоҳишсизлик давлатга, сиёсатга доғ бўлиб, ўзини доимо эслатиб тураверади», — дея фикр билдирди у.

 

Кун.уз мухбири Илёс Сафаров эса бугун Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторлари ва махсус ҳибсхоналарда қийноқ, ўлим ҳолатлари одатий ҳолга айлангани ҳақида ёзди: 

 

«Ички ишлар биносига кирган инсон борки, унинг тирик чиқишига ҳеч ким жавоб беролмайди. Тизим шунчалик назоратсиз, тартибсиз ишламоқда.

 

Бу тизимсизлик ҳақида бир неча йиллардан бери гапирилиб, эътироз билдириб келинаётганига қарамай, афсуски, тартибга келмаяпти.

 

Шулардан кейин савол туғилади, 2017 йилда ички ишлар вазири лавозимига келаркан, Пўлат Бобожонов соҳа учун нима иш қилди, нимани ўзгартирди ўзи? Бу инсон қайси сифатлари учун 6 йилдан буён вазир сифатида ушлаб турилибди?»

 

Соҳа ислоҳ қилиниши шарт

 

Айбдорлар бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилса-да, марҳум тирилиб қолмайди. Унинг ота-онаси ва яқинлари қалбидаги бир умрга кирган дард ва оғриқ уларга асло тинчлик бермайди. 

 

Бизда катта муаммо бор: қурбон бўлади, шундан сўнггина масалага  жиддий ёндашилади. Бироқ айрим ташкилотлар учун қанча қурбон бўлса, шунча камдек. Улар кибр, манманлик, эгаллаб турган лавозимидан кетишдан қўрқиш каби қусурлардан кечолмас экан, жамиятимиз тубанлик ботқоғига ботиб кетаверади. 

 

Биз қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатъий назар, аввало, инсон эканимизни унутмайлик. Зеро, марҳумнинг ўрнида сизнинг ёки бошқанинг фарзанди, унинг ота-онаси ўрнида ўзимиз бўлишимиз ҳам мумкин эди. Соҳа ислоҳ қилинмас экан, бу каби ҳолатлар такрорланаверади, қурбонлар сони ортаверади.

 

Баҳринисо Мадумарова

custom img

Нью-Йоркда йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Бош консуллик марҳумнинг оиласи билан доимий алоқада бўлиб, зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр.

custom img

АҚШ Эрондаги мактабга ракета ҳужуми учун жавобгар деб топилди

Тергoв хулoсасига кўра, бу хатo эскиргaн разведка маълумoтлари ва шошилинч ҳарбий қарорлар натижасида юзaгa келган.

custom img

Афғонистонда камида 12 та судсиз қатл ҳолати қайд этилган — БМТ

Шунингдек, 29 та ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва 6 та қийноқ ҳолати ҳужжатлаштирилган.

custom img

Эроннинг Олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий илк бор халққа мурожаат қилди

Нутқ уруш, душманга қарши чоралар, репарация талаб қилиш ва қўшни давлатлардаги ҳарбий базаларни ёпишга чақиришга бағишланган.

custom img

Ўзбекистонда яширин жангларни ташкил қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев уюшган жиноятчиликка қарши янги чораларни тасдиқлади.

custom img

Эрдўғон Яқин Шарқдаги урушни тўхтатишга чақирди

Туркия президентининг таъкидлашича, Эрондаги можаронинг кучайиши бутун минтақада вазиятнинг кескинлашишига олиб келиши мумкин.

custom img

АҚШ Green Card лотереяси қоидаларини ўзгартиришни режалаштирмоқда

Ўзгаришлар 2026 йил 10 апрелдан кучга кириши ва DV-2027 лотереясига таъсир қилиши кутилмоқда.

custom img

Эрон президенти можарони тугатиш учун АҚШ ва Исроилдан товон пули талаб қилди

Шунингдек, Эроннинг қонуний ҳуқуқлари тан олиниши ва халқаро хавфсизлик кафолатлари берилиши керак.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"