ИИБ муассасасида 15 ёшли боланинг вафот этгани ортидан 10 киши жазоланди
Жумладан, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бошлиғи ва 2 ходим ишдан кетган.

Аввалроқ Қўқон шаҳридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази ётоқхонасида икки нафар вояга етмаган тарбияланувчилар ўзи билан бирга тарбияланаётган вояга етмаган Р.А.га тан жароҳати етказиши оқибатида вафот этгани хабар қилинганди. Шундан сўнг 2 нафар ходим ИИО хизматидан бўшатилганди.
Вилоят ИИБнинг қайд этишича, тегишли хизматлар томонидан ўтказилган хизмат текшируви якунланган. Унга кўра, ушбу марказ бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, хизмат фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 3 нафар ходимга “Ҳайфсан” интизомий жазоси тайинланган. 4 нафар ходимнинг эса лавозимига лойиқ ёки нолойиқлигини аниқлаш мақсадида навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши белгиланди.







