2025 йил 27–28 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиёдаги энг йирик креатив коммуникациялар ва реклама фестивали — Red Jolbors бўлиб ўтди. Тадбирда 550 дан ортиқ лойиҳа тақдим этилиб, улардан атиги 15 фоизи финал босқичига чиқди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг юқори баҳога сазовор бўлган 6 лойиҳа орасида Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Қизимга” (My daughter name is Boy) лойиҳаси ҳам бор.
Агентлик ушбу лойиҳа билан International Awards йўналишида кумуш совринни қўлга киритди. Лойиҳа қиз фарзанд ҳақидаги стереотипларни йўққа чиқаришга, ижтимоий нормаларни янгича қарашлар билан ўзгартиришга қаратилган. Икки ҳафта ичида лойиҳа 5 миллиондан ортиқ аудиторияни қамраб олиб, кенг жамоатчилик эътиборини қозонди.
Ҳакамлар ҳайъати мазкур ташаббуснинг долзарблигини юқори баҳолаб, бу масала Марказий Осиёдан ташқари бошқа минтақаларда, жумладан Лотин Америкасида ҳам муҳим эканини қайд этди. Шунингдек, лойиҳа келгусида бошқа нуфузли халқаро танловларда ҳам иштирок этиши мумкинлиги таъкидланди.
Мазкур мукофот давлат ташкилотлари орасида Ўзбекистоннинг илк ютуғи бўлиб, агентликнинг жамиятдаги долзарб муаммоларни креатив коммуникация воситалари орқали ҳал этишга интилаётганини яққол кўрсатиб берди.


