Ўзбекистон Президенти фармони лойиҳасида маҳаллий бошқарув органлари фаолиятини янада самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар белгиланган.
Лойиҳага мувофиқ, 2026 йил охирига қадар 32 та туман ва шаҳарда ҳокимликларнинг янги бошқарув модели жорий этилади. Мазкур тартиб асосида 9 та вазирлик ва идоранинг ҳудудий бўлинмалари ҳокимлик тузилмасига ўтказилади. Улар: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги.
Янги тизимга кўра, ҳокимлар ушбу бўлинмаларга тўлиқ раҳбарлик қилади, штат бирликларини мустақил белгилаш, кадрларни тайинлаш ва озод этиш, рағбатлантириш ва интизом чораларини қўллаш ваколатига эга бўлади.
Шунингдек, ҳоким ўринбосарлари сони қисқартирилиб, 6 нафардан 4 нафаргача белгиланиши кўзда тутилмоқда. Бу эса ҳокимликларда бошқарувни ихчам ва самарали қилишга хизмат қилади.


