Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ижтимоий тармоқларда диний экстремистик мазмундаги материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган шахслар ушланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.
Қайд этилишича, 2004–2006 йилларда туғилган бир гуруҳ ёшлар диний қизиқиш ниқоби остида “Telegram” мессенжерида канал яратиб, унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган “Ироқ ва Шом ислом давлати” ҳамда “Туркистон ислом ҳаракати” террористик ташкилотларига тегишли аудио-видео материаллар ва даъватларни тарқатиш билан шуғулланишган. Шунингдек, улар бошқа ёпиқ гуруҳларда ҳам тарғибот ишларини олиб боришган.
Ақидапарастлик ғоялари билан заҳарланган бу ёшлар Суриядаги қонли жангларга қўшилиш ниятида ўзаро фикр алмашиб, “жиҳод”, “ҳижрат” ва “шаҳид” каби ёлғон шиорларни ҳаётий мақсад деб билишган. Шу билан бирга, улар “Instagram” тармоғи орқали ҳам шахсий профиллар яратиб, тақиқланган материалларни тарқатишган ва янада кўпроқ ёшларни тузоққа туширишга уринишган.


