1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Lifestyle

Исроил-Фаластин ўртасидаги бугунги зиддиятлар қачон бошланган?

Исроил-Фаластин ўртасидаги бугунги зиддиятларни англаш учун тарихга яна бир назар ташлашга тўғри келади.

Исроил-Фаластин ўртасидаги бугунги зиддиятлар қачон бошланган?

Исроил-Фаластин ўртасидаги бугунги зиддиятларни англаш учун тарихга яна бир назар ташлашга тўғри келади. 1947 йилнинг 29 ноябр куни БМТ Бош Ассамблеяси Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида иккита мустақил –Фаластин ва Исроил давлатлари тузилиши борасида 181- рақамли резолюция қабул қилди. 1948 йилнинг 14 май куни яҳудийларнинг Миллий Кенгаши Исроил Давлати тузилганини эълон қилди. Бироқ, бир томондан бу минтақаларга қўшни араб давлатларининг даъвогарлик қилиши боис арабларга тегишли худудларда давлат тузилгани йўқ. Ўшанда араб давлатлари БМТнинг Фаластин худудларини бўлиб ташлаш тўғрисидаги қарорига қарши чиқишди. Араблар ва исроилликлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар туфайли 1949-49 йилларда биринчи Араб-Исроил уруши юз берди. Ўша йилнинг 14 май куни кечқурун араб давлатларининг 30 минг ҳарбийдан иборат қўшини бир неча соат аввал пайдо бўлган Исроил давлати худудларига бостириб кирди. Исроил Мудофаа армияси (ЦАХАЛ) Сурия, Миср, Иордания, Ливан, Ироқ, Саудия Арабистони ва Фаластин армияси аскарларига қарши турди. Бу урушнинг якуни ўлароқ Исроил Фаластин давлатига ажратилган худудларнинг катта қисмини ва Қуддус ғарбини эгаллаб олди. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддус Иорданияга, Ғазо минтақаси эса Мисрга ўтди. Босиб олинган худудларда истиқомат қилувчи бир миллионга яқин ахоли ўз юртларидан бош олиб кетишга мажбур бўлди. Бу ўз навбатида фаластинлик қочқинлар билан боғлиқ муаммоларни юзага келтирди.

1949 йилнинг феврал — июл ойларида БМТ воситачилигида Исроил ва Араб давлатлари ўртасида келишувга эришилди. Унга кўра, муваққат чегаралар белгиланди. Бироқ, Давлат чегаралари, шунингдек, Қуддуснинг халқаро мақоми белгиланмади. Биринчи Араб-Исроил уруши Фаластин Араб Давлати ташкил этилишига сабаб бўлмади, балки Яқин Шарқда жиддий сиёсий ва ижтимоий оқибатларни келтириб чиқарди. Араб давлатлари Исроил билан уруш ҳолатида эканликларини таъкидладилар ва Исроил давлатининг мавжудлигини “агрессия” сифатида баҳоладилар. Бу ўз навбатида мажороларнинг авж олишига сабаб бўлди.

 

Минтақадаги кескинлик 1956 йилнинг октябрида Сувайш каналининг келажаги билан боғлиқ масала юзасидан янада жиддийлашди. Маълумки, ўша йилнинг 26 июл куни Миср хукумати Сувайш каналини давлат ихтиёрига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Каналнинг акциядорлари бўлмиш Франция ва Буюк Британия “Мушкетёр” шартли номи остида ҳарбий ҳаракатларга тайёргарлик кўра бошлади. Улар зарбдор куч сифатида Исроилдан фойдаланишга қарор қилишди. 1956 йилнинг 29 октябр куни Исроил Синай ярим оролида Мисрга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Эртаси куни эса Британия ва Франция ҳарбий самолётлари Мисрга бомба ёғдира бошлади. Бир ҳафтадан кейин улар Порт Саидга кириб боришди. Исроил қўшинларининг Шарм-аш-Шайх шаҳрини эгаллаб олиши билан ҳарбий амалиёт 5 ноябр куни якунланди. Шу тариқа Синай ярим ороли тўлалигича ва Ғазо минтақаси Исроил назоратига ўтди. 6 ноябр куни кечқурун Ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишув кучга кирди. 1957 йил бошларида инглиз ва француз қўшинлари Сувайш канали худудларидан, Исроил ҳарбийлари эса Синай ярим оролидан олиб чиқилди. Синай ярим ороли ва Шарм-аш-Шейх портига БМТ кучлари жойлаштирилди.

Тарихга “олти кунлик уруш” номи остида кирган Учинчи Араб- Исроил уруши 1967 йилнинг 5 июнь куни бошланди. Миср, Сурия ва Иордания ўз қўшинларини Исроил чегараларига олиб боришди ва БМТ тинчликни сақловчи кучларини ҳайдаб юбордилар. Исроил кемаларини Қизил денгиз ва Сувайш каналига киришига йўл қўйишмади. Бироқ, Исроил хам қараб турмади. Урушнинг биринчи соатлариданоқ Исроил араб давлатлари авиациясининг катта қисмини ишдан чиқариб, ташаббусни ўз қўлига олди. Олти кунлик уруш давомида Исроил Миср фронтида Синай ярим оролини, Сурия фронтида эса Жўлон тепааликларини, Иорданиянинг ғарбий вилоятларини қўлга киритди. 12 июн куни ўзаро курашаётган томонларнинг келишувга эришиши билан уруш якунланди. Битимга кўра, Исроил Сувайш канали ғарбидан ўз қўшинларини олиб чиқди. Бироқ, Синай ярим ороли ва Ғарбий Сурияда қўшинларини қолдирди.

 

1969 йилда Миср Синай ярим оролини қайтариб олиш мақсадида Исроилга қарши урушга киришди. Исроил армиясининг юқори даражали жанговор қобилияти ва АҚШдан янги қирувчи самолётлар олгани боис ҳарбий ҳаракатлар Миср худудларининг ичкарисигача кириб борди. Исроил авиацияси нафақат ҳарбий иншоатларга, балки иқтисод тармоқларига ҳам зарба берди. АҚШнинг дипломатик саъй-ҳаракатлари боис уруш 1970 йилнинг 7 август куни мажорода иштирок этаётган томонларнинг ҳудудлари ўзгармаслигини тан олишни кўзлаган битим имзлоланиши билан якунланди.

 

Араб-Исроил бешинчи уруши 1973 йилнинг 6 октябр куни бошланди. Яҳудийлар учун муқаддас бўлган ўша куни Миср Синай ярим оролига, Сурия эса Жўлон тепаликларига бостириб кирди. Москва ва Вашингтоннинг воситачилигида Уруш ҳаракатлари Сурия фронтида 24 октябр куни, Миср фронтида эса 25 октябрь куни тўхтатилди. 1974 йилнинг январь ойида Миср ва Исроил ўртасида тинчлик битими имзоланди. Орадан тўрт ой ўтиб, Сурия ва Исроил ҳарбий қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида келишувга эришди.

Олтинчи (Ливан) уруш 1982 йилда “Галилей учун тинчлик” шартли номи остида бошланди. Исроил “мамлакатнинг шимолий ҳудудларида тинчлик ўрнатиш ва хавфсизликни таъминлаш”ни баҳона қилиб ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Сурия армияси, Фаластин отрядлари ва Ливан ҳарбийларига зарба берган Исроил қўшинлари Тир ва Сидон шаҳарларини эгаллаб, пойтахт Байрутга кириб борди. Ўшанда бир гурух экстремистлар Сабра ва Шатила қочқинлар лагерида юзлаб қуролсиз фаластинликларни ўлдирган эди. АҚШ давлат котиби Жорж Шульц воситачилигида бир неча ой давом этган музокоролардан сўнг, 1983 йилнинг 17 май куни Исроил ва Ливан ўртасида Келишув имзоланди. 1985 йилда Исроил Ливаннинг асосий ҳудудларидан ҳарбийларини олиб чиқди, бироқ буфер ҳудудларида Исроил аскарлари 2000 йилгача қолдирилди.

 

Биринчи Фаластин интифадаси (Фаластин арабларининг Исроил давлатига қарши қуролли кураши) 1987 йилнинг 9 декабрида бошланиб, олти йил — яъни 1993 йилгача давом этди. Биринчи интифада фаластинликлар Исроилга қарши курашда тош ва қўлбола қуроллардан фойдалангани боис “тошлар уруши” деб аталади. Бу урушга Араб-Исроил уруши даврида босиб олинган худудларда истиқомат қилаётган фаластинликлар орасида ишчсизликнинг кўпайиши сабаб бўлди. Ўшанда Ғазо минтақасидаги Жабалия қочқинлар лагерида норозилик намойиши бошланиб кетди. 1988 йилнинг 31 июл куни Иордания подшохи Хусайн интифада натижаларини кутмаёқ, ўз мамлакати Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Шарқий Қуддусдан воз кечишини маълум қилди. 15 ноябр куни Фаластин Озодлик Ташкилотининг Миллий Кенгаши пойтахти Қуддус бўлган Фаластин Давлати тузилгани хақида қарор қабул қилди. 1989 йилнинг 2 апрель куни Фаластин Озодлик Ташкилоти Ижроия Қўмитаси раиси Ёсир Арофат Фаластин Давлатининг президенти этиб сайланди.

 

1989 йилда Исроил интифада кўринишларини бутунлай йўқ қилмаган бўлса-да, уни бостиришга муваффақ бўлди. Фаластин ҳаракатлари бўлакларга бўлиниб кетди. Узоқ вақтдан бери бу фракциялар бир-бирлари билан курашиб келмоқда. 1993 йилнинг 13 сентябр куни Исроил ва Фаластин Озодлик Ташкилоти босиб олинган ҳудудларда «Ўз ўзини бошқариш Муваққат принциплари тўғрисидаги Декларация”ни имзолади. Бу ҳужжат Исроил ва Фаластин Озодлик Ташкилотининг бир-бирларини тан олишини англатади.

 

«Интифада аль Акса» деб номланувчи иккинчи интифада 2000 йилнинг сентябрида бошланди. Бунга «Ликуд» блокининг раҳбари Ариэл Шароннинг Қуддусдаги Ал-Ақса мачити жойлашган ҳудудга бориши сабаб бўлди. Эришилган Тинчлик битимига кўра барча дин вакилларининг бу ҳудудга бориши тақиқланмаган. 2000 йилнинг октябрь ойида Исроил шимолдаги араб шаҳар ва қишлоқларида оммавий намойишлар, митинглар бўлиб ўтди. Намойишчилар машиналарга тош улоқтириб, шиналарни ёқиб юборишди. Полиция вакиллари билан тўқнашувлар ҳам бўлиб турди. Иккинчи интифада даврида террор ҳужумлари ҳам бўлиб турди. Исроил хукумати бунга кескин жавоб қайтарди. Айрим ҳолларда террор ташкилотларининг аъзолари йўқ қилинди. Интифада 2002 йилнинг март ойида ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Бир қатор шаҳарларда йирик террор ҳужумлари қайд қилинди. 2002 йилнинг апрель ойидан бошлаб интифада сусая бошлади.

 

2004 йилнинг ноябрида Париждаги касалхонада фаластинликларнинг раҳбари Ёсир Арафат вафот этди. Ундан аввал Исроил Ҳарбий ҳаво кучлари ХАМАС раҳбари шейх Ахмад Ясин ва унинг вориси Рантисини йўқ қилди. Арбобларнинг саҳнадан кетиши билан интифада бутун Фаластин ҳудудларини қамраб олмади, балки айрим минтақаларда тартибсиз давом этди.

 

2006 йил 12 июлда бошланган Иккинчи Ливан уруши араб дунёсида “Июль уруши”деб аталади. Бу урушда Исроил ҳарбий кучлари Ливан жанубида фаолият юритувчи “Хезболлах” радикал гуруҳи жангарилдарга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб борди. Ўшанда ҳарбий ҳаракатлар 14 августга қадар давом этган эди. Уруш БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюция қабул қилганидан сўнг тугади. 2006 йилнинг 1 октябрида Исроил Жанубий Ливан ҳудудларидан ўз қўшинларини олиб чиққанидан сўнг, бу ҳудудлар Ливан армияси бўлинмалари ва БМТ тинчликни сақловчи кучлари назоратига ўтди.

Исроил Ғазо минтақасида 2008 йилнинг 27 декабрида ҳарбий амалиёт бошлади. 2009 йилнинг 3 январигача ҳаводан зарба берилди. Бир ҳафта мабойнида Ғазо минтақасидаги 750 дан ортиқ объект йўқ қилинди. Бунга жавобан фаластинликлар Исроил жанубий минтақаларига 500 та ракета отди. Уруш туфайли фаластинликлардан 430га яқин киши ҳалок бўлди. Исроил томонидан эса 4 киши халок бўлди. 3 январь куни Исроил қўшинлари Ғазо минтақасига қадам қўйди. Ўша йилнинг 18 январ куни бош вазир Эхуд Ольмерт Исроил бир томонлама ҳарбий амалиётларни тўхтатиши борасида баёнот билан чиқди. Бироқ қўшинлар Ғазо минтақасида қолишини ва жангарилар томонидан бўладиган зарбаларга жавоб бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирди.

 

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу уруш оқибатида 1,3 минг нафар фаластинлик ҳалок бўлиб, 5,5 минг киши жарохат олди. Минтақадаги иншоатларнинг 14%, жумладан 4 мингта турар жой биноси, 48та маъмурий бино, 30та полиция идораси, 20та мачит, 18та мактаб, бир нечта касалхона, сув қувурлари вайрон бўлди.

 

Шарофиддин Тўлаганов

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика