1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Lifestyle

Сирож Нуриддинов ким эди?

Нима учун бу инсонни деярли ҳеч ким билмайди? Айтишларича, Шароф Рашидовнинг асосий рақибларидан бўлган экан. Бироқ унинг Ориф Алимов, Расул Ғуломов билан яқин бўлгани инобатга олинса, ҳақиқатан ҳам Рашидовга қарши томонда бўлганини тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, Ёдгор Насриддинова россиялик мухбирларга берган интервьюсида Шароф Рашидов билан ўзи ораларида совуқлик бўлганини кўп такрорлаган.

Сирож Нуриддинов ким эди?

1950 йилда Усмон Юсупов Ўзбекистон Коммунистик партияси МК биринчи котиби лавозимидан озод қилиниб, СССР Пахтачилик вазири этиб тайинланади. Коммунистик партия МКга биринчи котиб сайланмай туради. МКга котиблардан бири раҳбарлик қилиб туради. Бу масъулият (1950 йил апрель — 1950 йил август) Сирож Нуриддинов зиммасига тушади. 1950 йил августида Ўзбекистон КП МК биринчи котиби этиб Амин Ирматович Ниёзов сайланади.

 

Сирож Нуриддинов 1959 йил 24 мартдан 1970 йил 25 сентябрга қадар Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси, 1970—1974 йилларда СССР Олий Совети Миллатлар Кенгаши раиси бўлиб ишлаган Ёдгор Содиқовна Насриддинованинг турмуш ўртоғи эканини камдан-кам одам билса керак.

 

Бу ҳақда Ёдгор Насриддинованинг хотираларига таянилса, 1946 йил март ойида Тошкент вилоят комсомоли биринчи котиби бўлган Насриддиновани Ўзбекистон раҳбари Усмон Юсупов чақириб олади-да: «Ёдгор, турмушга чиқиш ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди», — дейди. Усмон Юсупов Сирож Нуриддинов ҳақида гапирар экан, унинг биринчи хотини бўлганини, аммо уруш туфайли бу хотин эрига хиёнат қилиб, КП МК ишлар бошқарувчиси билан турмуш қурганини, Нуриддиновдан бўлган болаларига қарамаётганини айтади. Усмон Юсуповнинг гапини ерда қолдирмаган Ёдгор Насриддинова Сирож Нуриддиновга турмушга чиқиб, унинг икки фарзандига оналик қилади.

 

Сирож Нуриддиновнинг катта қизи Лола Рустамованинг айтишича, ҳақиқатан ҳам онаси (Охунбобоевнинг иккинчи қизи Хайри — Ш.Т. изоҳи) фарзандларини ташлаб, бошқа турмуш қурган. Бу турмушдан бир қиз ва бир ўғил кўрган. Қизи эрта вафот этган.

 

Сирож Нуриддинов 1911 йил Тошкентда туғилган. Иш фаолиятини Тошкентдаги заводда токарликдан бошлаган ва 1937 йилгача ишлаган. 1937 йилда Ўзбекистон ЛКСМ МК саноат бўлими инструктори,  1937–1938 йилларда ЛКСМ МК биринчи котиби, 1938–1940 йилларда мансаби туширилиб, комсомолнинг Тошкент вилояти ва шаҳар қўмиталарига биринчи котиб бўлади. 1940–1941 йилларда Москвадаги Каганович номли Саноат академияси талабаси бўлади. 1941 йилда Тошкент обкоми саноат, транспорт ва алоқа бўлими мудири, Қорасув райкоми биринчи котиби, 1941–1942 йилларда — Белебей шаҳридаги Қизил Армия сиёсий таркибини такомиллаштириш Олий курси курсанти, 1942 йилда Тошкент обкомининг саноат бўйича котиби, 1942–1943 йилларда Ғарбий фронт қурилиш бригадаси 90-бўлими сиёсий бўлим бошлиғи — военком, командир ўринбосари, 1943–1944 йилларда Жанубий-Ғарбий — 3-Украина фронти Сиёсий бошқармаси агитатори, 1944–1945 йилларда 5-кўприк-понтон бригадаси командирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари, 1945–1947 йилларда ВКП(б) Тошкент шаҳар партия қўмитаси 2-котиби, 1947–1949 йилларда Тошкент вилоят қўмитаси 1-котиби, 1949 йилда Касаба уюшмалари Республика Совети раиси, 1950–1953 йилларда Олий партия мактаби тингловчиси (Москва). 1953–1954 йилларда Ўзбекистон КП МК Олий мактаби бўлим мудири, 1954–1955 йилларда Наманган вилоят партия қўмитаси биринчи котиби, 1955–1956 йилларда Тошкент шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби, 1956–1959 йилларда Тошкент вилояти партия қўмитаси биринчи котиби, 1959–1964 йилларда Касаба уюшмалари Республика Совети раиси, 3-, 4-, 5-, 6-чақириқ СССР Олий Совети депутати.

 

Нима учун бу инсонни деярли ҳеч ким билмайди?

 

Айтишларича, Шароф Рашидовнинг асосий рақибларидан бўлган (аммо буни исботлашнинг имкони бўлмади). Бироқ унинг Ориф Алимов, Расул Ғуломов билан яқин бўлгани инобатга олинса, ҳақиқатан ҳам Рашидовга қарши томонда бўлганини тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, Ёдгор Насриддинова россиялик мухбирларга берган интервьюсида Шароф Рашидов билан ўзаро совуқлик бўлганини кўп такрорлаган.

 

Сирож Нуриддиновнинг қизи Лола Рустамованинг фикрича, Ёдгор Насриддинова билан Шароф Рашидов ўртасида ўзаро илиқ муносабат бўлган, бир-бирларини ҳурмат қилишган. Бироқ Ёдгор опани КПСС МК идеология котиби Михаил Суслов хуш кўрмаган. Ўз навбатида, Шароф Рашидов М. Сусловнинг инжиқликларига қарши боргиси келмаган бўлиши мумкин.

 

17 йил Ўзбекистон КП МК аъзоси, МК Бюроси таркибида бўлган Сирож Нуриддинов 1966 йил 9 июнда вафот этган. Унинг ўлимига урушда олган оғир жароҳат, биринчи турмушининг бузилиши оқибатидаги руҳий эзилиш ва, ниҳоят, 1966 йил апрелида юз берган Тошкент зилзиласи сабаб бўлган бўлиши мумкин (чунки зилзила туфайли кўплаб ўзбек зиёлиларининг бевақт вафот этганини эслаб ўтиш кифоя). Унинг дафн маросимида Шароф Рашидов бошчилигида Ўзбекистон КП МКнинг барча аъзолари иштирок этган. 1966 йил 1 августида Шароф Рашидов ва Раҳмонқул Қурбонов имзоси билан Коммунистик партия МК ва Министрлар Советининг “Сирож Нуриддинов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори чиқади. Унга кўра, Тошкентдаги кўчалардан бири — тўғрироғи, Первая Прядильная кўчасининг номи Нуриддинов кўчаси деб ўзгартирилиши керак эди. Бу қарор бажарилганми ёки йўқ — бу ҳақда бирор гап айтиш қийин.

 

Сирож Нуриддиновнинг фарзандлари: қизлари — Лола (1939 йил), Раиса (1942 йил), Зулфия (1950 йил), ўғли Баҳтиёр (1947—1989).

 

Шу ўринда Баҳтиёр Нуриддиновнинг ўлими ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим кўрдик. Баҳтиёр КПСС МК Бош котиби Леонид Брежневнинг ўғли Юрий Брежнев (СССР Ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари) билан бирга ишлаган. Аммо қайта қуриш бошланиши билан унга нисбатан ҳам сиёсий босимлар бўлади. Онаси Ёдгор Насриддинова ҳақида марказий нашрларда эълон қилинган танқидий мақолалар унга салбий таъсир кўрсатади. Бунинг оқибатида инсультга чалинади ва 42 ёшида вафот этади.

 

Француз йигитига турмушга чиққан Зулфиянинг тақдири номаълум.

 

Шарофиддин Тўлаганов

 

 

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика