Нима ҳам бўлди-ю, яқинда “кулранг кардиналлар”, жумладан, Брежнев даврининг “иккинчи одами” дея аталадиган Михаил Суслов ҳақида мақола ёзиш мақсадида интернетни титкилаб ўтиргандим, “Уч бақалоқ” фильмининг режиссёр Алексей Баталовнинг 1989 йилда берган интервьюсига кўзим тушиб қолди. У ўз сўзида Михаил Суслов билан кўп йиллик келишмовчилик туфайли уни пародия қилиш истаги туғилганини таъкидлаган. Актёр Виктор Сергачёв ҳам 1993 йилги интервьюсида айнан Сусловни пародия қилганини айтган. 1993 йилда режиссёр Игорь Гостев “Серые волки”(“Кулранг бўрилар”) деб номланган сиёсий фильмни суратга олганида ҳам Михаил Суслов ролига Виктор Сергачёвни таклиф қилгани ҳам бежиз эмас. Суратга олиш жараёнида журналистлар Сергачёвдан интервью олишади. Ўшанда у “Уч бақалоқ” фильмида Михаил Сусловга тақлид қилиб, унинг нутқ сўзлаши, омма билан мулоқоти, у айтган шиорларни пародия қилганини айтган эди.
Шу ўринда Хрушчевни ҳокимиятдан ағдарган, аммо таклиф бўлишига қарамай ўзи Бош котиб, ҳатто СССР Олий Совети Президиуми раиси лавозимларидан бош тортган Михаил Суслов ҳақида икки оғиз сўз. У ҳаво иссиқ бўлишига қарамай калош (калиш эмас, туфлининг бир тури), плащ ва шляпа кийиб юрарди. Бу вақтда калош модадан чиққан, катта шаҳарларда ҳеч ким киймасди. У тушган машинанинг ойналари туширилмаган бўлиши, кондиционер ишлатилмаган бўлиши керак эди. Эътиборли жиҳати машина тезлиги соатига 60 километрдан ошмасди. Пальтоси шу қадар эски эдики, бир куни Брежнев Политбюро мажлисида “ўн рублдан йиғиб Сусловга янги пальто олиб берайлик”, деган экан. Шундан сўнг Сусловнинг ўзи янги пальто сотиб олгани айни ҳақиқат.
Айтишларича,Суслов ишга ҳеч қачон кечикиб келмаган. У ишга роппа-роса 8:59 келиб, ишдан роппа-роса 17:01да кетган. 35 йил давомида бу тартиб асло ўзгармаган. Хорижга сафаридан сўнг қолган валютани партия кассасига топширган. Ҳеч қачон совға олмаган. Спиртли ичимлик ичмаган ва сигарет чекмаган. Сигарет тутунига тоқати йўқ эди. Ҳатто Брежнев ҳам ундан беркитиб сигарет чекани айтилади. Кремлда бўладиган тадбирларда унга ароқ ўрнига сув беришарди. Шахсий буюми бўлмаган. Уйидаги барча жиҳозларда “Управление делами ЦК КПСС” деган ёрлиқ бўларди.
1981 йили СССР Фанлар Академиясидаги бир гуруҳ лаганбардорлар КПСС МК Бош котиби Леонид Брежневни академикликка сайлашга қарор қилишди. Бироқ уларнинг олдиларида бир муаммо турарди: Леонид Ильич бунга рози бўлиши аниқ, аммо бу ташаббусни совет жамияти қандай кутиб олади? Маъсулиятини ўзидан соқит қилиш мақсадида СССР ФА президенти Анатолий Александров партиядаги “иккинчи шахс” Михаил Суслов билан маслаҳатлашишга қарор қилди. ФА ижтимоий фанлар бўйича вице-президенти Петр Федосеев билан Сусловни олдига йўл олишади. Улар Брежнев ва Сусловни академликка сайлаш ниятини айтишганида Суслов уларнинг таклифига кескин қарши чиқади. Суслов уларга КПСС МКнинг “партия ва давлат раҳбарлари СССР ФА аъзолигига сайланиши мумкин эмас”лиги борасидаги қарорини эслатади. 1964 йил октябрида СССРда хокимият ўзгаради. Бунда сўзсиз Сусловнинг хизмати катта бўлган. Кўпчилик уни “аппаратдаги интригалар устаси” дея таърифларди. Буни тарихи бор: 1952 йилда 12 йиллик танаффусдан сўнг партия 19-съезди бўлиб ўтади. Съезд ВКП(б) номини КПСС деб ўзгартиради. МК таркиби 125 аъзо ва 110 аъзоликка номзодга кўпайтиралади. 9 аъзодан иборат КПСС МК Политбюроси ўрнига 25 аъзо ва 11 номзоддан иборат Президиум ташкил қилинади. Шунингдек Президиум Бюроси ташкил қилиниб унга беш киши Сталин — Маленков — Берия — Хрушчёв — Булганин киритилади. Шуни айтиш керакки, съездда партия Бош котиби сайланмайди. Ҳатто Сталин ҳам партия котиби даражасига туширилади. Сталин ўлимидан кейин Хрушчев уддабуронлик билан партия раҳбарлигини эгаллайди. Аммо ҳар бир нутқида ўша вақтда катта куч бўлган Министрлар совети раиси Маленков номини тилга олади. 1957 йилда Молотов–Маленковнинг “аксипартиявий гуруҳи” фош қилинишида Сусловнинг хизмати катта бўлган. Энг қизиғи 1964 йил октябрда Хрущёвнинг ишдан олинишига ҳам Суслов бош-қош бўлган. “Н. С. Хрушчевнинг нотўғри ҳаракатлари муносабати билан Марказий қўмита Президиумидаги ғайритабиий вазият тўғрисида” маъруза билан чиққан эди. Кейинчалик у Брежневни ҳам мансабидан олмоқчи бўлганида Брежнев Киевга кетиб қолгани, Суслов қилган хатосини тан олиб ундан кечирим сўраш учун Киевга боргани ҳақида гап сўзлар бўлди. Аммо бу ҳақдаги бирорта миш-мишга матбуотда кўзим тушмади.
Аммо уни мақташга шошилиш керак эмас. 1987 йилда КПСС МК Политбюроси ташкил қилган комиссия материалларида 30-40 йиллар ва 50-йиллар бошларидаги қатоғонда Ростов обкоми раҳбари сифатида Суслов оммавий қатоғонларда иштирок этгани таъкидланади.
1964 йил октябрда бўлиб ўтган КПСС МК Пленумидан сўнг Суслов партия ва давлат бошқарувида иккинчи шахсга айланди.
Суслов КПСС МК котиби сифатида пропаганда(тарғибот), маданият, информация, фан ва ўқув муассасалари бўлимлари, шунингдек иккита халқаро бўлимга маъсул эди. Унинг қўлига Совет армияси ва ҳарбий денгиз кучларининг Бош Сиёсий бошқармаси, Маданият ва Маъриф вазирликлари, Давлат телерадио қўмитаси, Кинематография, Нашриёт, Давлат қўмиталари, Главлит (цензура), ТАСС, Ёзувчилар, Рассомлар, Журналистлар, компазиторлар ижодий уюшмалари, “Знание”(“Билим”) жамияти, ва хатто туризм қарарди. Умуман идеология (мафкура) билан боғлиқ барча соҳалар Суслов томонидан назорат қилинарди.
Яна бир нарсани айтиш керакки, Лениннинг “шиорлар билан коммунизм қуриб бўлмайди” деган сўзларини била туриб, Суслов иқтисодий ислоҳатлардан кўра партиявий пропаганда(тарғибот)ни кучайтирди. Айрим таҳлилчилар, СССРнинг пароканда бўлишига билвосита Сусловнинг хизмати борлигини айтишади.
Министрлар Совети раиси бўлган Косигин кенг қамровли ислоҳатларга киришади(кейинчалик Хитойда Дян Сяпин айнан унинг ишини давом этиради ва Хитойни юксакликка олиб чиқади). Косигин ислоҳатлари туфайли миллий даромад ҳар йили 7,8 фоизга ошиб борди. Одамларнинг турмуш даражаси ошиб борди—инфляция қисқарди, маошлар ошди, уй-жой қурилиши авж олди, одамлапр уйида телевизор, холодильник, кир ювиш машиналари, мебель ва автомобиллар пайдо бўла бошлади. Аҳоли пунктлари газлаштирила бошланди. Йирик корхоналар, жумладан Тольяттида автомобиль заводи қурилди, мамлакат Ягона энергосистемага бирлашди. Саноат ишлаб чиқариш 50 фоиз кўпайди. Одамларда коммунизмга ишончи ортди. Ғарб эндиликда Совет Иттифоқининг нафақат ҳарбий, балки иқтисодий қудратидан ҳам хавотирга туша бошлади. Аммо ислоҳатларни тўхтатишга қарор қилишди. Чунки ислоҳатлар муқаррар равишда ижтимоий табақаланишга олиб келган эди — яхшироқ ишлаганлар кўпроқ ҳақ оларди. Бош мафкурачи Суслов совет одамлари барча соҳаларда тенг бўлиши кераклигини талаб қилди. Суслов жамиятда яхши маошли, юқори малакали ва "ўзини англайдиган" ишчилар қатламининг пайдо бўлиши муқаррар равишда уларнинг ўз муаммоларини ҳал қилиш учун талаблар янада кучайишини яхши билар эди. Бу ўз навбатида жамиятнинг демократизациялашувига олиб келарди. Бу воқеа Чехословакияда юз берди. 1968 йилги “Прага баҳори”дан сўнг Касигин ислоҳатларидан воз кечилди, Совет Иттифоқи “нефть игнаси”га ўтириб қолди. Нефтдан олинган даромад эвазига одамларнинг қорни тўйдирилди. “Ҳеч нарсани ўзгартирмасдан ҳам одамлар муносиб ҳаёт кечириши мумкин”, деган ҳомҳаёл сиёсат олиб борилди.
Брежневнинг куёви Юрий Чурбанов Сусловни “айёр ва топқир сиёсатчи” деб атаган эди.
Қизил майдондаги ГУМ (Бош универсал магазин) Сусловга ёқмасди. ГУМни кўргазмалар залига айлантирмоқчи бўлнанида, шахсан Брежневнинг аралашуви билан бу иш амалга ошмай қолган.
Сусловни билганлар у мунозараларни ёқтирмаганлигини айтишади. Суслов ҳурфикрли инсонларга босим ўтказганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Совет талабалари айнан Сусловнинг талаби билан “илмий коммунизм”ни мажбуран ўқитилганини ёддан чиқариш керак эмас. Ҳатто фильмларни ўз назоратига олди. Бироқ шахсан Леонид Брежновнинг хизматлари билан кўплаб киноларнинг “ҳаёти” сақлаб қолинди. Жумладан Леонид Гайдайнинг “Кавказ асираси” аксилсовет ва аҳлоқсиз фильм деб топилди. Бироқ қандайдир сабаб билан Брежнев томоша қилиб, ижобий фикр айтганидан сўнг бу фильм ҳақида ҳеч ким салбий фикр билдирмайдиган бўлди.
Ҳар гал совет раҳбариятининг Совет Иттифоқи ҳалокатига сабаб бўладиган бирор бир ҳаракатини кўрар эканмиз, беихтиёр Суслов исмни эслаймиз. Мамлакатни вайрон қилувчи репрессиялар, ҳарбий босқинлар, ислоҳатлардан юз ўгириш, ҳурфикрлиларга қарши доимий курашлар, ақл эгаларини мамлакатдан ҳайдаш, тақиқлар — бу ҳаракатлар ортида бош мафкурачи, узунбўйли (бўйи 190 см) Суслов турганини биламиз. Агар Суслов тирилиб, қабрдан чиқиб бугунги ҳаётни кўрганида борми, “жаҳондаги биринчи социалистик давлат”ни ким параконда қилганини англаб етган бўлармиди?
Шарофиддин Тўлаганов


