Иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳаси тубдан ислоҳ қилинади
Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди.

“Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, уй-жой ва бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини оширишнинг келгуси 5 йилдаги асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди.
Жумладан:
— соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, илғор хорижий тажрибалар асосида стратегик таклифларни ишлаб чиқиш, иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини бошқарувчи ва мувофиқлаштирувчи ташкилот ташкил этиш;
— марказлашган иссиқлик таъминотига уланмаган тўрт ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойларнинг иситиш тизимида локал қозонхоналар қуриш ва бошқа муқобил технологияларни жорий этиш ҳисобига бир хонадоннинг газга бўлган талабини камида 20 фоизга камайтириш.
Қуйидаги тадбирлар амалга оширилади, жумладан:
— марказлашган иссиқлик тизимларидаги эскирган 103 та қозонхона ва 1,6 минг километр иссиқлик тармоғи янгиланади;
— давлат-хусусий шериклик асосида 9 та, халқаро молия институтлари иштирокида 13 та шаҳар ва туманда модернизация лойиҳалари амалга оширилади;
— марказлашган иссиқлик таъминоти қамрови 37 фоиздан 58 фоизгача етказилади, тизимдаги йўқотишлар 38 фоиздан 20 фоизгача қисқартирилади.







