Италияда “Ўзбекистон маданияти кунлари” бўлиб ўтди
Маданий тадбир доирасида Италиянинг Рим ва Виарежжио шаҳарларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри симфоник оркестри гала-концерти италиялик ҳамда у ерда истиқомат қилувчи ўзбекистонликларга тақдим этилди.

Шунингдек, Италиядаги маданият кунлари доирасида икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов бошчилигидаги делегация бир қатор италиялик маданият соҳаси вакиллари билан учрашди. Жумладан, Италия маданият вазири ўринбосари Жанмарко Масси билан ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.


"Ўзбекистон ва Италия — бу икки буюк маданиятга эга давлатлар. Италия санъат ва тамаддун маркази сифатида жаҳон тарихида муҳим ўрин эгалласа, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғловчи қадимий цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Бу замин Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний каби буюк аллома ватани бўлиб, ўзининг бой маданий мероси билан ажралиб туради. Давлатларимиз ўртасидаги алоқалар тарихига назар солсак бу узоқ тарихга эга. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур даврида давлатларимиз ўртасида яқин алоқалар ўрнатилди. Ҳозирги кунда давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорлик юқори даражага кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий ҳамкорлик дастури имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан, ҳамкорлигимиз янада ривожланиб бормоқда", — деди Маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов.








