Душанбе шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Россия” ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитлари доирасида Ўзбекистоннинг энергетика ва тиббиёт соҳасида янги босқични бошлаб берувчи йирик лойиҳаларга расмий старт берилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикаси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев ҳамда Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв иштирок этди. Телекўприк орқали Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик қувватли атом электр станцияси биноси учун котлован қазиш ишлари бошланди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Ядро тиббиёти марказини барпо этиш лойиҳасига ҳам старт берилди.
Жиззахдаги АЭС лойиҳаси мамлакат энергетика тизимини барқарорлаштириш ва келгусида арзон ҳамда экологик тоза энергия манбаини таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳа “Росатом” билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унда икки йирик ва икки кичик қувватли реактор қурилиши режалаштирилган. Қурилиш ишлари тўлиқ халқаро ҳамкорлик асосида олиб борилади ҳамда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг барча хавфсизлик талаблари қатъий бажарилади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, АЭС лойиҳаси халқаро хавфсизлик стандартларига тўлиқ мос келади. МАГАТЭ экспертлари томонидан майдон, инфратузилма ва лойиҳавий ечимлар чуқур таҳлил қилинган.
Шу билан бирга, Тошкентда бунёд этиладиган Ядро тиббиёти маркази соғлиқни сақлаш соҳасида туб ўзгаришлар босқичини бошлаб беради. Лойиҳа доирасида замонавий радиологик ташхис, протон терапияси ва изотоп технологиялари йўлга қўйилади. Марказ йилига 8 мингга яқин беморни эрта босқичда ташхислаш имконини беради.
Ушбу марказнинг барпо этилиши Ўзбекистон фуқароларига хорижга чиқмасдан илғор тиббий хизматлардан фойдаланиш имконини яратади. Шунингдек, бу соҳада юздан ортиқ юқори технологияли иш ўрни яратилади, илмий-тадқиқот ва кадрлар тайёрлаш тизими янги босқичга кўтарилади.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлиб, мамлакатимизнинг энергетик мустақиллиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.


