Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиззах вилоятидаги 16 умумтаълим мактаби директорини пора олишда гумон қилиб қўлга олди. Текширувларга кўра, масъул шахс икки нафар ўқитувчини ишга жойлаштириш эвазига жами 16 миллион сўм талаб қилган.
Ўқитувчилардан бири бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Унга бўш иш ўринлари учун пул тўлаш шарти қўйилгани, ҳатто ишга кириш имтиҳонлари учун тест жавоблари тақдим этилгани аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида директор поранинг иккинчи қисми — 11 миллион сўмни олаётганида қўлга олинган. Аввалроқ у 5 миллион сўм олгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (катта миқдорда пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.


