Саудия Арабистони Подшоҳлигида ўтаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида нуфузли диний ва жамоат арбобларининг ташрифлари давом этмоқда. Тадбир меҳмонлари орасида Масжид ал-Ҳарам бош имоми, Икки муқаддас масжид ишлари бошқармаси раҳбари шайх Абдул Раҳмон Ал-Судайс ҳам бўлди.
Абдул Раҳмон Ал-Судайс — дунёга машҳур Қуръон қори ва имом бўлиб, 1984 йилдан буён Макка шаҳридаги Масжид ал-Ҳарамда хизмат қилиб келмоқда. У бутун ислом оламида тинчлик, бағрикенглик ва эзгулик ғояларини тарғиб этувчи фаолиятлари билан танилган.
Тадбир давомида Ал-Судайс Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳамда халқимизнинг меҳмондўстлиги ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Эслатиб ўтамиз, кеча “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида Мусулмонлар Лигаси бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исса, Саудия қироллик оиласи аъзоси малика Рим бинти Ал-Валид бин Толал Ол Сауд, машҳур араб блогери Наиф Ҳамдан ҳамда Фаластин Давлатининг Саудия Арабистонидаги элчиси ҳам Ўзбекистон павильонига ташриф буюрган эди.


