Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (ЎФА) терма жамоалар бўлимининг собиқ раҳбари Шерзод Игамбердиев ўзининг Инстаграм саҳифасида жамоани тарк этиши юзасидан баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, бу қарорни қабул қилиш осон бўлмаган.
“Мен учун жамоани тарк этиш жуда оғир ва аламли бўлди. Бироқ бундай вазиятда қолиш мумкин эмас эди. Биз узоқ йўлни босиб ўтдик ва яхшироқ муносабатга лойиқ эдик”, — деб ёзди Игамбердиев.
У, шунингдек, жим туриб мукофотлар, хориж сафарлари ва суратлар билан кифояланиши мумкинлигини, аммо виждонан буни қабул қила олмаганини таъкидлаган.
“Мен бу жамоани чин дилдан яхши кўраман, юртимни қадрлайман. Шу сабабли бу циркларга қўшилишни истамадим”, — дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон терма жамоасига италиялик мураббий Фабио Каннаваро келиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.


