MIB.UZ мобил иловаси ишга тушди
Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 643 нафар фуқаро ишга тикланди. Уларга тўланмай қолган 32,5 млрд сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда МИБ ташаббуси билан оиланинг жамиятдаги ўрни ва унинг муқаддаслиги масаласида аҳоли орасида профилактика-тушунтириш ишлари олиб борилгани алоҳида таъкидланди. Мазкур ишлар самарасида 11 минг 400 дан ортиқ оила яраштирилди. Шунингдек, бюро органлари учун доимо эътиборда бўлиб келаётган — «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд фуқароларга 265,8 млрд сўм маблағлар ўтказиб берилди.
Тадбир давомида қатнашчиларга яна бир янгилик — MIB.UZ мобил иловасида янги «Бўлажак ҳамкорингизни билинг!» хизмати ишга туширилгани ва бунинг имкониятлари ҳақида батафсил изоҳ берилди:
«Ушбу хизмат орқали фуқароларимиз ҳамда тадбиркорлар ҳамкорлик ва молиявий келишув қилмоқчи бўлган субъектларга тегишли шахсларнинг фуқаролик паспорти церийаси, рақами ёки корхонанинг ИНН (СТИР) рақамларини киритиш йўли билан ўша корхона ёки фуқароларнинг номида мол-мулклари мавжуд эмаслиги сабабли, амалда ундириш имкони йўқлиги ҳақида маълумотларга эга бўлишади».
Баҳринисо Мадумарова







