Олмаотада қаровсиз қолган беш нафар ўзбекистонлик бола Ўзбекистонга олиб келинди. Болаларнинг қайтишига Ўзбекистоннинг Қозоғистонидаги Бош консулхонаси кўмаклашган.
Маълум қилинишича, дипломатик ваколатхона ходимлари Олмаота шаҳар таълим бошқармаси ва Қийин ҳаётий вазиятдаги болаларни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда ватанга қайтарилаётган вояга етмаган болалар учун барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирган.
Болаларнинг Ўзбекистонга қайтиши жараёнида Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ходимлари ҳамроҳлик қилган. Улар мамлакатга етказилгандан сўнг, амалдаги қонунчиликка мувофиқ яқин қариндошларига топширилган.


