Марказий банк 2025 йилнинг январ–сентябрь ойларига оид ички валюта бозори таҳлилини эълон қилди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида жисмоний шахслар томонидан тижорат банкларига 15,2 миллиард АҚШ доллари сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баравар кўп.
Шунингдек, шу даврда аҳолининг банклардан сотиб олган хорижий валютаси миқдори 8,5 миллиард долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан 23 фоизга ошган. Талаб ва таклиф ўртасидаги тафовут 6,7 миллиард долларни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 1,4 баравар юқори.
Марказий банк таҳлилига кўра, хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган — 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 13,9 миллиард доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилган. Бу ўтган йилга нисбатан 24 фоизга кўп.
Мазкур маблағлар аҳолининг банкларга хорижий валюта сотиш ҳажмининг ошишида асосий манба сифатида қайд этилмоқда.
Валюта курси бўйича таҳлил натижасига кўра, жорий йил бошидан долларнинг сўмга нисбатан алмашув курси 6,4 фоизга мустаҳкамланган, шу билан бирга курс тебранувчанлиги икки бараварга ошган.
Мутаҳассислар миллий валюта барқарорлигига экспорт ҳажмининг ортиши, хорижий инвестициялар оқими, пул ўтказмалари ва кредитлар канали орқали кириб келаётган валюта миқдорининг кўпайгани ҳамда импорт ҳажмининг мувозанатлашгани асосий омил бўлаётганини таъкидлашмоқда.


